Борида шукр, йўғида қаноат қилиш улуғ фазилатлардан. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳақиқий бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас, балки нафснинг тўқлигидир”, деганлар (Муттафақун алайҳ). Қаноатли киши бахиллик, ҳасад ва хиёнат каби иллатлардан холи бўлиб, мол-дунёга ҳарис бўлмасдан, хотиржам ҳаёт кечиради.

Донишмандлар: “Бойлик қаноатдадир. Олтин-кумушлару турли безакларни бойлик деб ҳисобламагин, чинакам бойлик қаноат ганжидир”, дейишади.

Яъни, баъзилар фаровон ҳаёт деб, баланд иморатлару тўкин-сочин дастурхонлар, зебу зийнатларни орзу қилишади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Эҳтиёжга етарли ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши нажот топибди” (Имом Муслим ривояти).

Тирикчилик учун қинғир йўлларга кирмасдан, ҳалол йўл билан кифояланиш ҳам қаноатдир.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас” (Қасас, 77).

Донишмандлар айтади: “Солиҳа аёл ва қаноатли фарзанд ота рўзғор ташвиши билан кўчага чиқиб кетаётганида: “Биз ҳар қандай қийинчиликка, ҳатто очликка ҳам чидаймиз, аммо дўзах азобига бардош бера олмаймиз. Уйга нопок мол олиб келманг!” дейишади.

Аллоҳ таоло барчамизни сабр-қаноатли бандаларидан қилиб, икки дунё саодатидан баҳраманд айласин!

 

Фазлиддин ОЛЛОЁРОВ,

Тошкент шаҳридаги “Али ибн Абу Толиб” жоме масжиди имом-хатиби