Қадимдан халқимиз меҳмондўст ва танти миллат бўлиб танилган. Шу боис меҳмон ва мезбон одоблари ҳақида кўплаб китоблар таълиф этилган. Аксарият манбаларда меҳмон бўлишнинг ушбу қоидаларига тўхталинади:

Мезбон қаердан жой кўрсатса, меҳмон ўша жойга ўтириши исломий одоб бўлиб, бу билан улар ўртасидаги ришта мустаҳкамланади. Чунки мезбон ўзини ва аҳли хонадонининг ҳолатини яхши билгани учун ҳам меҳмонни хижолатга қўймаслик, қолаверса, ўзига ҳам ноқулайлик туғдирмаслик ниятида бўлади.

Мезбоннинг келтирган овқатини рози бўлиб тановул қилиш инсондаги кибрни ўлдиради. Чунки мезбон ўзининг имкониятидан келиб чиқиб меҳмонни сийлайди. Агар меҳмон бошқа нарсани сўрайдиган бўлса, мезбонни қийин аҳволга солиб қўйиши ва улар ўртасидаги муносабатни совитиши мумкин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) агар бирор саҳобийнинг уйига меҳмон бўлиб борсалар, қандай покиза овқат келтирилса, уни қабул қилиб ердилар.

Меҳмон бирданига кетаман, деб қолмаслиги керак. Чунки бундай ҳолат мезбонни хижолатга қўяди ва унга нисбатан ҳурматсизлик ҳисобланади. Шунинг учун бир оз олдинроқ мезбондан ижозат сўраб, қайтиши лозим эканини билдириб қўйиши мақсадга мувофиқдир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Агар бирор кишиникига меҳмондорчиликка борсанг, унинг рухсати билан қайтгин. Чунки то сен унинг уйида экансан, у сенинг амирингдир”.

Меҳмон қайтаётган вақтида мезбоннинг ҳақига дуо қилиши муҳим одобдир. Кишилар бир-бирларини дуо қилиши сабаб ўртадаги алоқалар янада мустаҳкамланади. Чунки мўминнинг мўминга қилаётган хайрли дуосини фаришталар кузатиб, сенга ҳам шундай бўлсин, деб туришади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирор хонадонда меҳмон бўлсалар, зиёфат охирида овқат эгаларининг ҳақига дуо қилардилар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Саъд ибн Убоданикида (розияллоҳу анҳу) меҳмон бўлдилар ва зиёфатнинг тугалланишида бундай дуо қилдилар: “Таомингизни яхши кишилар тановул қилди, хонадонингизда рўзадорлар ифторлик қилди, фаришталар сизларга салавот айтди. Эй Аллоҳ, Ўз раҳматингни Саъднинг оиласига ёғдиргин”. Аллоҳ таоло барчамизга Ислом динининг гўзал одоблари билан зийнатланишни насиб этсин!

 

“Фатовойи Ҳиндия” китоби асосида Тошкент Ислом институти талабаси Абдушукур МУРОДОВ тайёрлади.