Болалигимда онам айтиб берган бир ривоят ёдимдан чиқмайди: Бир донишманд ўғлини уйлантирмоқчи бўлибди ва яхши келин танлашнинг ажойиб йўлини ўйлаб топибди. Бир неча кун аравада юриб, хонадонлардан чиққан чиқиндиларга диққат билан разм солибди.

Бир қиз ҳар куни ҳовлисидан хокандозда озгинагина чиқинди олиб чиқаркан. Унинг муомаласи, хатти-ҳаракатларини донишманд бир неча кун кузатиб, кейин саволга тутибди: “Ҳамма хонадонлардан кўп чиқинди чиқади. Сизникидан эса жуда кам. Ё чиқиндиларни бошқа жойга ҳам ташлайсизми?” Қиз одоб билан: “Йўқ, бошқа жойга ташламайман. Фақат супуриб бўлганимдан сўнг чиқинди ичидаги қоғоз ва хас-хашакларни ўчоққа ташлайман, пўчоқларни мол-қўйга бераман, тупроғини тупроққа қўшаман. Шундан қолганини чиқиндига ташлайман...” деб жавоб қайтарибди.

Донишманд ана шу қизни келинликка танлаган экан.

Ҳақиқатан, кишининг ҳар бир иши унинг одоб-ахлоқи, ақлу фаросатидан далолат бериб туради. Айниқса, уй-жойнинг озодалиги, саранжом-саришталиги аёл-қизлар турмуш тарзини кўрсатиб турадиган бир ойна.

Момоларимиз келин танлаганда ҳам қизларнинг супуришига ҳам эътибор берганлар. Зеро, супур-сидирнинг маълум тартиб-қоидаларига риоя қилиш кишининг рўзғор ишларига уқувидан, озодалиги ва фаросатидан дарак бериб туради. Супуришнинг ҳам озодалик ва гигиеник талаблардан келиб чиққан одоблари бор. Жумладан, супуришни уй олдидан бошлаб, ҳовли адоғида тугаллаш лозим. Шунда турли касалликларга сабаб бўладиган чанг ва микроблар уйга кирмайди. Ҳовли учун алоҳида, уй учун алоҳида супурги ажратиб қўйиш ҳам аслида тозалик талабларидан ҳисобланади.

Момоларимиздан бизгача етиб келган айрим тартиблар бугун ирим-сиримларга қўшилиб, кетмоқда. Масалан, “супургини тик қўйма ёмон бўлади”, “супурги оёқ остида ётмасин”, “бировга тегизиб бўлмайди”, “ахлат тўплангач, узоқ қўйиб бўлмайди” каби... Бундай танбеҳлар тўғри, лекин уларнинг асосида қандайдир мавҳум “ёмонлик”лар эмас, балки аниқ сабаблари ётади. Айтайлик, агар нам супурги тик қўйилса, унинг толалари букилади, синади, натижада тезда “чўлтоқ” бўлади. Супургини оёқ остига қўймаслик ёки уни бировга тегизиб бўлмаслигига сабаб ҳам айнан тозаликка риоя қилишдир.

Чиқинди тўпланган жойида узоқ қолиб кетса, шамол уни учириб ёки бошқа сабаб билан сочилиб кетиши мумкин.

Азиз келинлар, қизларим! Сизларга яна бир гапни айтмоқчиман. Арзимагандай туюлган ана шу одобларга амал қилсангиз, маҳалла-кўй, яқинларингиз олдида ҳурматга сазовор бўласиз.

Қадимдан ўзбек хонадонлари эрта тонгдан супуриб-сидирилган, кўчаларга сувлар сепиб қўйилган. Озодалик барчанинг кайфиятини бирдек кўтаради, биздек кексаларнинг дуоларига сабаб бўлади. Шу билан бирга, тозалик динимиз талабларидан эканини унутмаслик керак. Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга уйларда намозхоналар қилишимизни ва уни поклаб, тозалаб, чиройли тутишимизни амр этдилар” (Имом Термизий, Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).

 

Жамила РАҲМАТУЛЛАЕВА,

Олмазор тумани