Баркамол авлодни тарбиялаш истиқлолимизнинг илк йилларидан давлат даражасидаги вазифа этиб белгиланди. Динимиз ҳам фарзанд тарбиясига, унинг маънавий, жисмоний камолотига алоҳида эътибор беришни буюради.

Бу борада алоҳида кўрсатмалар, йўл-йўриқлар баён этилган тиббий ёки диний манбалар талайгина. Бироқ кейинги пайтларда таҳририятимизга мурожаат қилиб, фарзанд тарбияси, унда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар ҳақида маслаҳат сўраётганлар кўпайди. Шу боис она бўлиш – фарзандни дунёгa келтиришдек шараф олдида турган аёлларимиз учун тарбияга доир динимиз кўрсатмаларини, тиббий ва миллий анъаналарни мужассамлаштирган мақолалар бериб боришни мақсад қилдик. Илк суҳбатимизда тарбия ҳақида сўз юритсак.

Абдулла Авлоний ёзади: “Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмак – танани пок тутмак, ёш вақтидан маслакни тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдир. Ҳукамолардан бири: “Бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлидур”, демиш. Шариати исломияда ўз болаларини яхшилаб тарбия қилмак – оталарга фарзи айн, ўз юртининг етим қолган болаларини тарбия қилмак фарзи кифоядир...”

Тарбия ана шундай муҳим аҳамиятга эга, ҳар бир шахс учун ҳаёт ва мамот масаласидир. Шу сабаб унга жуда эрта киришиш, яъни, аввало тарбиячиларни – бўлажак ота-онани тарбиялашдан бошлаш лозим.

Ҳали дунёга келмасиданоқ фарзанд тарбиясига киришилса, кутилган яхши натижаларга эришилади.

Бунинг учун энг олдин ота-она ўзларини турли ёмонликлардан, ҳаром луқмадан тийишлари лозим. Шундагина фарзанднинг дили яхшиликлар учун очиқ бўлади. Собит исмли йигит туйқусдан бир тишлам олмани сўроқсиз еб қўйиб, эгасидан розилик олишга шошилгани – тақводорлиги туфайли Имоми Аъзам Абу Ҳанифадек (раҳматуллоҳу алайҳ) улуғ олимнинг отаси бўлди.

Ота-онадаги кўплаб феъл-атвор болага ўтиши табиий. Шу сабаб қадимдан ота-боболаримиз келин танлашда унинг авлод-аждодини суриштирган, уйидаги тартиб-интизомни кузатган.

Шунингдек, халқимиз ҳомиладор аёлга алоҳида эътибор, меҳр-муҳаббат кўрсатади. Унинг руҳий ҳолати туғилажак бола феъли-сажиясига таъсир қилишини ўйлаб, турли кўнгилсизлик ва дилхираликлардан узоқда тутилади. Унинг ёнида яхши гаплар айтишган, чиройли нарсалар қуршовида бўлишини таъминлашган.

Хуллас, боласи ҳалол, дину диёнатли, оқибатли, кенгфеъл бўлишини истаган ота-она ҳар қандай нопокликдан, шубҳали нарсалардан ўзини асраши керак.