Бола ота-онаси ҳузуридаги омонатдир. Унинг қалби – содда гавҳар. Агар у яхшилик ичида бўлса, шундай униб-ўсади. Ота-онаси ва тарбиячилари унинг савобига шерик бўлишади. Агар бола ёмонликка ўрганиб қолса, унинг гуноҳи ота-она, тарбиячи бўйнига тушади. Болани турли иллатлардан эҳтиётлаш, унга яхши одоб ва тўғри тарбия бериш шарт.

Ёш болада чиройли хулқ ва яхши амаллар зоҳир бўлганида уни мақтаб қўйиш ва хурсанд бўладиган мукофотларини бериш лозим. Агар у баъзи вақтларда бунга хилоф иш тутса, сезмаганликка олинади, айби ошкор этилмайди. Агар шу ҳолат қайта содир бўлса, бола яширинча қистовга олинади (койилади) ва қилган ишини одамларга айтиш билан қўрқитилади. Уни ҳаддан зиёда койилмайди. Кўп койиш маломатларни эшитишни осон қилиб қўяди. Бола билан сўзлашганда сўз ҳайбатини (обрўсини) сақлаш зарур. Она фарзандига отасининг номи билан пўписа қилиши мумкин. Ялқов ва дангаса бўлиб қолмаслиги учун пиёда юришга, кўп ҳаракат қилишга ва жисмоний машғулотларга одатлантирилади. Ота-онаси эга бўлган нарсаларни пеш қилиб, тенгдошлари ўртасида фахрланишдан, таоми ё кийими билан мақтанишдан қайтарилади, муомалада одамларга тавозе ва ҳурмат кўрсатишга ўргатилади.

Боланинг бошқалар олдида эснашига, оёқ чалиштириб ўтиришига изн берилмайди. Ёмон сўзлар айтишдан ва кўп гапиришдан қайтарилади. Ўзидан катта гапирса, унинг сўзини чиройли тинглашга, фақат лозим бўлганда жавоб қайтаришга, катталарга ўрнидан туриб, жой беришга ўргатилади.

Дарҳақиқат, болаларни эҳтиёт қилишнинг асосий шартларидан бири – хулқи ёмон тенгдошларидан сақлаш. Бола мактабдан келганидан кейин чиройли ўйинлар ўйнаши учун кўпроқ шароит яратиб берилса, таълим дарсларининг чарчоғи чиқади. “Қалбларни оромлантир, ақлинг ўткир бўлади”, деган ибора шунга тааллуқли. Бола ота-онаси ва устозларига итоат этишга ва уларни ҳурмат қилишга ўргатилиши зарур.

Имом Аҳмад ибн Қудома Мақдисийнинг “Минҳожул қосидин” китобидан олинди.