Раҳматли отам илм-маърифатли, шижоатли ва озгина қайсар одам эди. Болалиги Зомин тоғларининг тоза ҳавосида яйраб, зилол сувларидан симириб, адирларда чопқиллаб ўтган. Уруш йиллари отасидан айрилган, онаси ва акаларига ёрдам бериш учун қишлоқ фермасида сигирлардан ажратилган бузоқларни боқиб, катта бўлган. Хуллас, суяги меҳнатда қотган.

Мирзачўлда яшаганида қўқонлик Абдуваҳоб исмли зиёли кишига қўшни бўлган. Отамга араб алифбосидан, Қуръони каримдан, туркий алифбодан ўша одам таълим берган. Эсимни таниганимда отам қишлоғимизнинг имоми, ҳурматли кишиси эди.

Отам ўқувчиларга ҳавас билан қарарди. Уруш бошланиб, мактаблар ёпилгач, ўқиёлмай қолганларига афсусланарди. Бош фарзанд бўлганим учун кўпинча мени ёнида олиб юрар, биринчи синф алифбосини беш ёшимдаёқ ўқитиб, ёдлатиб бўлган эди. Ўқишимга қаттиқ турарди. Мен эса бошқа болалар сингари ўйинқароқ, шўх эдим. Ўйинга берилиб, дарсларимни ташлаб, китоб ўқимай қўйсам, раҳматли ҳўл чивиқ билан саваларди. Онамнинг ялинишларига парво ҳам қилмасди. Аммо раҳматли онажоним бирор марта “Отанг – ёмон одам”, демасди. Аксинча, “Отангнинг айтганини қил!” дер эди.

Уйимизда яхшигина кутубхонамиз бор эди. Саводим равон бўлиб қолгач, отам билан бирга достонлар ўқир, китобни тушуниш, ундаги воқеаларни тасаввур қилиш жонимнинг роҳатига айланган эди. Шеъриятни ҳам яхши тушуна бошлагандим.

Отам тарбияда қаттиққўл бўлгани учун менда фикрлаш қобилияти, вазиятга қараб иш тутиш, қийинчиликка сабр қила олиш каби хислатлар пайдо бўлганини анча кейин тушундим. Баҳоларим доим беш, биринчи синфдан ўнинчи синфгача жамоатчи раис – синфком бўлганман. Дўстларимни, умуман, одамларни тушунишга ҳаракат қилар, кечиришни ҳам билардим, ўртоқларим кўп эди. Отам мунтазам эрталабки бадантарбия машқларини бажаришга мажбур қилгани учун ҳамиша тетик ва зийрак юрардим.

Кимнингдир кўзи билан қаралса, отамнинг усули эҳтимол тарбия услубларига тўғри келмас. Лекин бир нарса аниқ – мени қанчалик қийнаган бўлмасин, отамга нисбатан нафрат ёки ғазаб уйғонмаган. Мен у кишини жуда яхши кўрар, ҳурматим баланд эди. Ёшим улғайгач, отамнинг баъзи қарорларига эътироз уйғонарди. Бироқ доим “Яхшиям отамнинг айтганини қилганим, йўқса, бу муваффақиятга эришолмасдим”, дея тан берган пайтларим жуда кўп бўлган.

Ҳарбий хизмат йилларида, ўқишга киролмай пойтахтда юрган, мадрасада ўқиган пайтларимда, ҳаётнинг равон бўлмаган йўлларида, қийинчилик онларида қўрқув нималигини билмасдим. Оғир дамларда довдирамас, аксинча, кучга кирар, ғалабага етишимга ишониб, сабр қилардим. Шундай паллаларда талабчанлиги учун отамга ич-ичимдан миннатдорлик билдирардим.

1979 йили отамнинг тавсияси билан Бухородаги “Мир Араб” мадрасасига ўқишга кирдим. Яхши ўқидим, устозлар назарига тушдим. Охирги босқичда ўқитувчиларим таклифи билан, мустақил дарс ўта бошладим. Ҳадис дарсларидан бирида “Мишкотул масобиҳ” китобидаги узун ҳадиси шарифнинг “...ва анфиқ аъло иъйолика мин товлика, ва ло тарфаъ аънҳум аъсока адабан ва ахфиҳим филлоҳ” жумлаларини: “оилангга топган мулкингдан нафақа қил, уларга одоб ўргатаман деб ҳассангни кўтарма (яъни, урмагин) ва уларни Аллоҳ йўлида қўрқитгин”, деб таржима қилдим. Бу ўринда нозик нуқтада, аниқроғи, араб тилидаги “аън” жар ҳарфига “аъло” маъносини бериб, адашганимни сезмай қолдим. “Аън” “устидан, ундан”; “аъло” эса “устида, унда” маъноларини англатар, бирга келган феъл сўзининг таъсири билан маъноси ўзгариши ҳам мумкин эди. Таржимани зоҳиран чиройли ва асл маънога яқинроқ деб ўйладим. Афсус, бир умр истиғфор айтишга арзигулик хатога йўл қўйган эдим. Раҳматли отамга ошкора норозилик билдирмаган бўлсам ҳам, онгимга: “Мана, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) “Урма!” деган эканлар-ку”, деган тушунча ўрнашиб қолди. Фарзандларимни фақатгина маърифат ва илм билан тарбиялашга қарор қилдим.

Йиллар ўтди. Бир тадбирда фарзанд тарбияси ҳақида маъруза қиладиган бўлдим. Одамлар елкасига қуш қўнса, сезмайдигандай диққат билан тинглашарди. “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “...Фарзандларингга одоб ўргатаман деб ҳассангни кўтарма, уларни Аллоҳ билан қўрқит!” дея тавсия қилганлар”, дедим. Шу пайт ёнимда ўтирган, тик сўзли инсон Анваржон домла: “Тақсир, ўрни келса, “Ур!” деганлар-ку”, деб луқма ташлади. Нафасим ичимга тушиб кетди. Хатоимни ўша лаҳзада тушундим. Дарҳол отам кўз олдимга келди. Миямдан яшин тезлигида: “Мирқот”ни бир кўрай девдим-а!” деган фикр ўтди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг сўзларини нотўғри тушуниб юрганим, раҳматли отам ҳақида ноўрин хаёлга борганим мени карахт қилиб қўйган эди.

Уйга келган заҳотим жавондан Мулла Али Қори (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг “Мирқотул мафотиҳ”ини олиб, кўз югуртирдим. Биринчи жилднинг 237-саҳифасида юқоридаги ҳадиси шариф шарҳи ёзилган эди: “Ва ло тарфаъ аънҳум аъсока адабан”, яъни, “Улар одоб ўрганишлари учун калтаклашингга лойиқ бўлсалар, уларга ён босиб, урадиган ҳассангни устларидан кўтариб қўймагин”. Нисо сурасининг 34-ояти: “Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг” маъносига риоя этган ҳолда, одоб бериш учун ургин, зинҳор азоб бериш учун урмагин...”

Субҳаналлоҳ! Устозларимизни ва умрини фарзандлар тарбиясига бағишлаган ота-оналаримизни Аллоҳ таоло раҳмати ила шод айласин!

* * *

Ота-оналар фарзандини бахтли кўриш учун жонини фидо қилишга тайёр бўлишади. Ҳаёти давомчиси, кўз қувончига совуқ шабадани ҳам раво кўрмайди. Аммо тарбия соҳасида хато қилишга ҳеч бир ота-онанинг ҳаққи йўқ. Фарзанд бу фидойиликни тушунсин ва унга сўзсиз итоат қилишни бахтининг кафолати деб билсин.

Азалий ва аслий душман шайтон қалбларга васваса солиб, отани боладан, эрни хотиндан, дўстни дўстдан ажратишга ҳаракат қилади. Бу ғанимга “тош” отиб, уни юракдан қувиш керак. Отанинг “одоб хипчини” шайтонга ўз вақтида отилган, ўта таъсирли, ҳалок қилувчи “тош” бўлса, ажаб эмас.

Сўзсиз итоат қилишни ўргатиш учун баъзи гўдакларга “одоб хипчини” зарур бўлса, отага уни қўллаши вожиб бўлади. Буни она қилолмайди, чунки унинг қўлида “адаб ҳассаси” йўқ. У боласини отанинг “ҳасса”си билан қўрқитиши мумкин. Отага сўзсиз итоатни ўрганган фарзандда Аллоҳ таолога итоат; отанинг сўзини эшитиб, тушунишга ўрганган болада ҳар бир инсонни ва ҳар бир яхши сўзни тушунишга қобилият пайдо бўлиши табиий.

“Одоб ҳассаси” юмшоқ, фақатгина терини ачитадиган бўлсин. Бу усул бола тарбияга ўта муҳтож бўлиб турган пайти – гўдаклигида қўлланилса, натижага эришилади. Ҳадиси шарифларда айтилганидек, бу боланинг 7 – 10 ёшли давридир.

Ота меҳри аввало, насиҳат, сўнг огоҳлантириш, иложсиз қолинганида эса “одоб хипчини” билан изҳор қилинади. Отаси ўз вақтида сўз билан огоҳлантирган бола улғайганида бошқаларнинг маломатларига қолиб, юзи ерга қарамайди. Отасининг “одоб хипчини” аччиғини танасида ҳис этган бола улғайганида бегоналарнинг хўрлик ва азоб берувчи калтакларига дучор бўлмайди.

Отанинг “одоб хипчини” бамисоли овқатга қўшилган туз. Илм-маърифат – бутун оламга нурлари баробар етувчи қуёш ёки хушбўй ҳидларни оламга ёйгувчи, майсалар бошини силовчи ёқимли шабада. Отанинг “одоб хипчини” – боғбоннинг ҳар ниҳолга алоҳида меҳрига, атрофини бегона ўтлардан тозалаб, тагини юмшатиб, мева бермайдиган ортиқча шохчаларини олиб ташлашига ўхшайди...

Абдумутталиб ЗОМИНИЙ,

ЎМИнинг Жиззах вилоятидаги вакили ўринбосари