Ҳар қандай яхши амал – маънавий ёки моддий, катта ё кичик бўлсин – мақтовга, ажрга сазовордир. Бунинг зидди бўлган ёмон амал эса ҳамиша қораланиб келинади. Мусулмон қалбига қўрқинч солиш ана шундай кўнгилсиз ишлардандир. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳатто ҳазил тариқасида мусулмоннинг қалбига қўрқинч солишни ҳаром қилди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмонни қўрқитманглар. Мусулмонни қўрқитиш катта зулмдир” (Имом Суютий), деб огоҳлантирганлар. Абу Ҳасан Бадрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан ўтирган эдик. Бир киши туриб кетди. У шиппагини унутиб қолдирганди. Бошқа бир одам уни олиб, тагига яширди. Ҳалиги одам қайтиб келиб: “Шиппагим?..” деди. Ўтирганлар: “Биз кўрмадик”, дейишди. Олган киши: “Мана у”, деб айтди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминни қўрқитиш қандоқ бўлди?!” дедилар. Шиппакни яширган одам: “Ё Расулуллоҳ, мен буни ҳазил тариқасида қилгандим”, деди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Мўминни қўрқитиш қандоқ бўлди?!” деб, бу гапларини икки ёки уч марта такрорладилар” (Имом Табароний).

Кундалик ҳаётимизда кўп учрамаса-да, лекин баъзи-баъзида бир-биримиз билан ҳазил қилиб турамиз. Ҳар қандай ишда бўлганидек, ҳазилнинг ҳам ўз меъёри бор. Юқоридаги ҳодисада ҳазил қалбга қўрқинч туширди. Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу тарзда ҳазил қилишдан қайтармоқдалар. Ушбу воқеадан яна хулоса қилиш мумкинки, яхши танимаган, феъл-атворини билмаган кишилар билан ҳазил қилмаган яхши. Бу нарса асабга таъсир этмай қолмайди...

Яқинда ғалати воқеа содир бўлибди. Байрам арафаси куни. Ҳомиладор аёл ўғилчасининг қўлидан тутиб, кўчадан хотиржам кетаётган экан. Шу вақт мактаб ўқувчиси унинг оёғи тагига пақилдоқ ташлабди. Аёл ўша ерда ҳушидан кетиб, ерга йиқилган. Пақилдоқ отган ўқувчини тутиб келишса: “Мен ҳазиллашган эдим”, дермиш нуқул...

Ёшлар ғўр бўлади. Кўп нарсани мустақил англаб етишмайди. Шунинг учун тарбия масъулияти ҳамма вақт катталар зиммасидадир. Айримлар яхши ўқитиш ё бошқа сабаб туфайли фарзандини қўрқитиб тарбиялайди. Албатта, бу усул вақтинчалик ва самарасиздир. Болада қўрқиш туйғусини шакллантириш – унинг мустақил фикр юритиши, интилишларини ўлдириш билан тенг. Чунки доимий қўрқувни ҳис қилган бола, биринчи навбатда, ўзига ишончни йўқотади, ўзига ишончни йўқотган болада бор истеъдод шаклланмай сўниши мумкин.

Биз катталар ёшларни ёнимизга олиб, вақтимизни аямай уларнинг тарбияси билан жиддий шуғуллансак, албатта, бу ишимиз самарасиз қолмайди. Чунки яхши фарзанд – аввало ўзимизга, қолаверса, жамиятга тақдим этадиган беқиёс яхшилигимиздир. Ёмон кишиси бўлмаган жамиятда эса ҳеч ким қўрқув нима эканини билмайди, иншоаллоҳ.

Жалолиддин ҲАЙДАРАЛИ ўғли