Алишер Навоий ўз сармояси ҳисобидан “Ихлосия”, “Хусравия”, “Низомия” сингари мадрасалар барпо қилдирган эди. Бу мадрасаларда таҳсил олувчи талабаларнинг сарф-харажатини ҳам ҳазрат Навоий тўлаган.

Бир куни Мир Алишер “Ихлосия” мадрасасига Абдулфаттоҳ исмли кишини мударрис этиб тайинлади. Абдулфаттоҳ домла закий олим бўлса-да, кичкина бир қусури бор эди: кўп ҳолларда мадрасага кечикиб келарди. Бу ҳолатни Алишер Навоий ҳам сезиб юрарди-ю, сабр қиларди. Ниҳоят, мадраса ҳайъатидан шикоят тушгач, мударрисни ҳузурига чақиртирди. Юмшоқ гапириб, шоирона лутф ила танбеҳ берган бўлди:

- Мавлоно, биз сизни биродаримиздек азиз тутгаймиз. “Ихлосия” аҳли ҳам сизга ихлос боғламиш эркан. Вале, толиби илмларни интизор айлаб, сабоқларини узганингиз боисидин ўзингиз хижолат чекадирсизму, деб афсусдамен...

Абдулфаттоҳ шоирнинг силаб туриб дашном берганидан терлаб кетди. Ўрнидан туриб, қуллуқ қилди:

- Амирим, маъзур тутгайсиз, қариганда гумроҳлик бўлди. Келар еримиз олисроқ бир қишлоқ. Саҳари мардонда йўлга тушамиз-у, йўл унмайди, денг... Амирим рози бўлсалар, биз истеъфога чиқсак-да, жанобларини хижолатдан қутқарсак...

Мударрис мадрасани тарк этиш учун рухсат сўраётган эди. Алишер Навоий ўйланиб қолди. Бир тарафдан толиби илмларни ҳадеб маҳтал қилиб қўйиш инсофдан эмас. Абдулфаттоҳнинг жавобини берай, деса, кўзи қиймайди. Зукко, имони бутун, тафаккури кенг мударрис. Бундайларнинг қадрига етмоқ керак.

Шаҳарда Алишер Навоийнинг отасидан қолган кичкина ҳовлиси бор эди. Эртаси куни у ҳовлини хатлаб, Абдулфаттоҳнинг номига ўтказиб берди.

- Ватан муборак, мавлоно, - деди шоир мударрисга ҳадя қоғозни топшириб. - Энди узрга баҳона қолмади деб ўйлайман...

Абдулфаттоҳ бир қўлидаги ҳадя - хатга, бир Навоийнинг кулиб турган чеҳрасига боқиб, кўзига ёш олди.

Саъдулла СИЁЕВ тайёрлади.