Умрада мусулмон киши бутун қалби, вужуди ила Аллоҳ таоло учун Макка ва Мадина шаҳарларидаги муқаддас жойларни зиёрат қилади. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Умра кейинги умрагача қилган гуноҳларига каффоратдир...” (Имом Бухорий).

Ҳар йил Республикамиздан умра амалини бажариш учун олти мингдан зиёд юртдошларимиз Саудия Арабистонига жўнаб кетишади. Жорий йилда ҳам умра зиёратчиларининг биринчи гуруҳини 9 февраль куни кузатдик. Сафар олдидан Тошкент ислом институтида “Умра – 2015” баҳорги мавсуми бўйича ишчи гуруҳи ва гуруҳ раҳбарлари иштирокида машғулот ўтказилди. Унда Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиқлари – Муҳаммадбобур Йўлдошев, Дилшодхон Бобожонов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудирлари – Муҳаммадназар Қаюмов, Муҳаммад-Акмалхон Шокиров ва гуруҳ раҳбарлари иштирок этишди. Унда умра зиёрати чоғида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди. Юртимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган элликбошиларга умра ибодати ҳақида маълумотлар берилди ва қўлланмалар тарқатилди.

Зеро, умра ибодатини мукаммал адо қилиш учун киши ўзини ҳар томонлама тайёрлайди. Барча амаллар ниятга боғлиқ бўлгани боис, ибодатда ягона мақсад Аллоҳ таолонинг розилигини топиш бўлиши керак. Аллоҳ таоло буюради: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!” (Бақара, 196).

Умра нафақат ибодат, балки узоқ масофали сафар ҳамдир. Шу сабабли, умра қилишни қасд қилган ҳар бир киши зиёрат қоидалари билан бир қаторда сафар тартиблари ва одобларини ҳам яхши билиб олиши лозим. Зиёратчи сафар давомида ҳамроҳлари билан тортишмайди. Ҳеч кимга қўли ва тили билан озор бермайди. Чақимчилик, ғийбат ва ёлғон гапларни айтмайди. Унга одамларнинг ҳожати тушса ёрдамлашади ва ҳоказо тавсияларни элликбошилар сафар олдидан ва зиёрат давомида ўз гуруҳидагиларга етказиб боришлари керак. Йиғилишда ана шулар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилди ва иштирокчиларга кенг тушунтиришлар берилди.

Фазлиддин Оллоёров,

Тошкент шаҳридаги “Али ибн Абу Толиб” жоме масжиди имом-хатиби