“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо, 36).

Инсоннинг умри ёшлик чаманзоридан ўтиб, насиб этса, кексаликнинг осойишта боғларига ҳам қадам қўяди. Бу икки фаслнинг мазмун-моҳиятига назар ташласак, уларни бир-бирига мутаносиб боғловчи бир неча инсоний ахлоқлар борки, улардан бири ҳусни хулқдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўминларнинг афзали хулқлари яхшироғидир”, (Имом Бухорий ривояти) деб, унинг даражасини таъкидлаганлар. Албатта, афзаллар қаторида бўлишни истаган ҳар бир одам яхши ишлари, жумладан, кексаларни ҳусни хулқи билан ҳурмат қилиб, бахт-саодатга эришади. Ҳусни хулқнинг мақоми шунчалар баландки, соҳибини мол-дунё билан ҳам эришиб бўлмайдиган олий даражаларга олиб чиқади. Ўзаро муносабатларда кўпинча моддий эътиборга қараганда, маънавий эътибор аҳамиятлироқ таъсир кўрсатади. Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар одамни молу дунёларингиз билан мамнун қила олмайсизлар, балки очиқ юз ва яхши хулқларингиз билан миннатдор қилишларингиз мумкин”, (Имом Термизий ривояти) деб, маънавий кўмакнинг моддий кўмакдан афзаллиги башоратини бердилар.

Эътибор қилсангиз, ҳусни хулқ эгаси бўлган инсон муомала маданиятининг барча жабҳасида олдинги қаторда бўлади. Ҳусни хулқ билан ҳар қандай оғир табиатли кишининг ҳам қалбига йўл топиш мумкин.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг яхшиларингиз – хушхулқ, ширин суҳбатлиларингиздир” (Имом Бухорий ривояти), дедилар. Ҳусни хулққа эга бўлган инсон шундай саодатга сазовор бўлиши унинг ёруғ дунёдаги ҳаёти учун бебаҳо мукофот эмасми? Чунки ҳусни хулқнинг савоблари кўп, амаллари қабул бўлгай, иншоаллоҳ.

Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банданинг савоб тарозусида яхши хулқдан оғирроқ амал йўқдир. Унинг даражаси ҳатто намоз ва рўзанинг даражаси билан баробардир” (Имом Абу Довуд ривояти) деб, ҳусни хулқнинг мавқеини юксак баҳолаганлар. Одатда “Қарияларни ҳурмат қилинг, сизнинг умрингиз ҳам узун бўлади”, деб кексалар ёшларга панд-насиҳат қилишади. Кексаларга эътиборли бўлиш тарбиянинг ажралмас қисми. Биламизки, нафс тарбияни дўст тутмайди. Тарбия барча ёшдагиларнинг нафсига малол ва қийин кўринади. Шу қийинчиликни осонлаштирувчи бирдан-бир мураббий – ҳусни хулқ. “Ҳусни хулқ соҳиби қандай бўлиши керак?” деган саволга донолар: “Ҳеч нарсадан ранжимайдиган кишидир!”, деб жавоб беришган. Шунингдек, нафс амрини тарбия қила олган кишини намуна қилиб кўрсатишган экан.

Ҳусни хулқ гўзал бир либосга ўхшайди. Ким уни кийса, ҳаёти гўзал бўлиши билан бир қаторда руҳи, қалби, вужуди пок бўлади. Барча хусусиятлари чиройли бўлади. Ҳакимларимизнинг: “Инсон гўзаллигининг асоси унинг чиройли хулқидир”, деган нақли нечоғли ҳақиқат.

Айни шу маънони ҳазрат Алишер Навоий бобомиз қуйидагича ифодалаган:

 

Ки ҳар ким аён этса яхши қилиқ,

Етар яхшилиқдин анга яхшилик.

 

Гоҳида киши сабрсизликдан ноумид бўлиб: “Менинг умримга ким кафолат беради? Нега мен энди бировларга яхшилик қилишим керак?”, дейди. Тўғри, умрни Аллоҳ беради. Сизнинг яхшилигингиз шарофатидан уни узайтириб қўйиш ҳам фақат Унинг тасарруфидадир. Сиз яхши ва узоқ яшай десангиз, атрофингиздагиларга, хусусан, кексаларга эътибор қаратинг. Ахлоқингизни ҳусни хулқ билан гўзаллаштиринг. Кимларнингдир оғирини енгил қилинг, шодлигига қўшилинг, бу амалларингизга муносиб мукофотлагувчи Яратганнинг ўзидир.

Абдулҳай ТУРСУН,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти вакили