Инсон ҳаёти ҳамиша бир йўсинда кечмайди. Баъзан тўкин-сочин, гоҳида эса етишмовчилик кунлари ҳам бўлади. Ана шундай дамларда зарурат юзасидан қарз сўрашга тўғри келади. Қарз олаётганда тўғри келса узаман, тўғри келмаса, қарз турар, деб эмас, балки, албатта, қарзни узиш ниятида бўлиш лозим. Чунки адо этилмаган қарз инсон ҳаётидан файз-барака кўтарилишига, одамларнинг унга нисбатан ишончларини йўқолишига сабаб бўлади.

Қарз олиш оғир юк экани ҳақида Луқмони Ҳаким: “Тошни кўтариб кўрдим, темирни кўтариб кўрдим, аммо қарздек оғир юкни кўрмадим”, деб айтган экан. Агар киши қарзини ўташга қийналса ва буни қарз берган киши билиб, унга яна қўшимча имконият берса ёки қарзидан кечса, албатта, охиратда ажрсиз қолмайди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Агар (қарздор) ночор бўлса, бойигунча кутинг! Агар билсангизлар (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир” (Бақара, 280). Ибода ибн Сомит (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ким қийналиб қолган кишига муҳлат берса ёки қарзини кечиб юборса, Аллоҳ таоло уни ўз паноҳига олади” (Имом Муслим).

Қарз бераётган киши бирор моддий манфаат, фойда кутмасдан, балки бир кишининг муҳтожлик пайтида унга ёрдамлашиб юборишни ният қилиши керак. Унинг бу ёрдами инсонгарчилигидан келиб чиқаётган бўлса, катта савобларни қўлга киритади. Қарз беришнинг савоби садақа беришнинг савобидан улуғроқ. Чунки садақа муҳтож ёки муҳтож бўлмаган кишининг қўлига тушиши мумкин. Аммо қарз эса муҳтожнинг қўлига тушади.

Руҳиддин АКБАРОВ