Туш кўриш инсонларга хос бўлган ҳолатлар­дан биридир. Айримлар аниқ-тиниқ, таъбири ўнгда содир бўладиган рост тушлар кўради. Ана шундай ёрқин тушлар кўришни истаётганларга Ибн Қайюм (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: “Ким туши ўнгидан келишини истаса, ростгўй бўлсин. Ҳалол луқма есин. Динимизнинг буйруқларини бажариб, қайтарганларидан сақлансин. Мукаммал таҳорат олиб, қиблага ­қараб ётсин. Кўзи уйқуга кетгунича Аллоҳ таолони зикр этсин. Ана шу амалларни қилган кишининг туши ҳеч қачон ёлғон бўлмайди.

Тушларнинг энг рости саҳар вақтида кўрилганидир. Чунки бу вақт раҳмат ва илоҳий файз ёғиладиган вақтдир”. Бу тавсиялар яхши туш кўриш учун воситалар, холос. Яхши туш кўрган киши унинг ўнгдан келишини истаса, ғайрат қилиши керак. Агар у ўқувчи бўлса, янада тиришиб илм олиши, деҳқон бўлса, кўпроқ тер тўкиши лозим.

Яхши туш кўрганида унинг таъбирини ҳар кимдан эмас, балки илмли, ишончли, таъбир этишга лаёқати бор кишидан сўраб олган яхши. Имом Қуртубий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Эй ўғилчам! Тушингни биродарларингга сўзлаб бермагин!” (Юсуф, 5) ояти каримаси тафсирида тушни раҳмдил, насиҳатгўй бўлмаган ва яхши таъвил қила олмайдиган кишиларга айтмаслик керак, деган.

Айрим вақтларда киши ёмон туш кўради. Бундай тушлар шайтоннинг инсонга кўрсатадиган найрангларидан бўлиб, асосан таҳоратсиз, осмонга қараб ёки Аллоҳ таолони зикр этмасдан ухлашга ётганда кўрилади. Киши ёмон тушлардан тушкунликка тушиб, дили ғаш бўлмаслиги керак. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай огоҳлантирадилар “... Агар ёмон кўрган нарсангни тушингда кўрсанг, Аллоҳ таолодан унинг ва шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўра ва уч марта туфлаб юбор. Уни ҳеч кимга сўзлаб юрма. Ана шунда тушнинг зарари сенга етмайди” (Имом Бухорий).

Имом Муслим (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоят қилади: «У зот (алайҳиссалом): “Сизлардан бирингиз ёмон туш кўрса, чап тарафига уч марта туфлаб юборсин. Аллоҳ таолодан шайтоннинг ёмонлигидан уч марта паноҳ сўрасин. Ётган тарафининг тескари томонига ўгирилиб олсин”, деганлар». Баъзида инсон кун давомида қаттиқ ўйлаб юрган нарсасини тушида кўради. Бунга кўпинча ҳазми оғир овқатни еб, тезда ухлаш сабаб бўлади.

Шайтоннинг инсон билан тушда ўйнашиш ҳоллари ҳам учрайди. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғам­баримиз (алайҳиссалом) ҳузурларига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, тушимда гўё бошим узилганини кўрдим”, деб айтди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кулиб юбордилар ва: “Сизлардан бирингизнинг тушида шайтон у билан ўйнашса, уни одамларга сўзлаб юрмасин”, дедилар» (Имом Муслим).

Имом Шотибий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Баъзилар: “Пайғамбар (алайҳиссалом)ни тушда кўрдим. У зот (алайҳиссалом) менга фалон нарса деб, фалон ишга буюрдилар”, деб шариатга зид бўлган ишларни қилади. Бу катта хато. Чунки пайғамбарлардан бошқаларнинг туши шариат ҳисобланмайди». Айримлар тушга ёлғон аралаштирадилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзи кўрмаган нарсани кўрдим, деб айтиш улкан туҳматдир”, деб огоҳлантирганлар (Имом Бухорий).

Мўмин туш борасида чуқур кетмаслиги, ўйларини фақат у билан банд этмаслиги ва кўп саволлар билан ўзини ҳам, бошқаларни ҳам қийнамаслиги керак. Шуни унутмаслик лозимки, тушнинг таъбирини билиш шарт эмас.

Худоёрхон ЎРАЗИМБЕТОВ,

Тошкентдаги “Олмазор” жоме масжиди имом-хатиби