Узоқ ва тинч турмуш кечириш сири нимада? Бу саволга жавоб топиш учун хориж олимлари тадқиқот олиб боришди. Ўн беш кишидан иборат гуруҳ бир неча йил давомида маълумот тўплади. Бунда анкета сўровлари, суҳбат-мулоқотлардан фойдаланишди.

Тадқиқот учун ҳар хил ёш, турли соҳа, ирқдаги ва бошқа-бошқа динга эътиқод қилувчи жуфтликлар танланди. Аммо натижа деярли бир хил бўлди. Унга кўра, узоқ ва бахтли турмуш кечиришнинг баъзи сирлари қуйидагича:

Ният. Ҳар яхши ишда бўлганидек, узоқ ва бахтли турмушнинг ҳам биринчи ва аҳамиятли шарти ниятдир. Бу турмуш қуришдан олдин бошланиб, умрнинг охиригача давом этади.

Муносиб жуфт танлаш. Турмуш қурмоқчи бўлган одам энг олдин ўзи яхши жуфт бўлишга ҳозирланиши, кейин яхши умр йўлдоши топиши керак. Чунки муносиб жуфт танламаса ёки ўзи оила қуришга тайёр бўлмаса, бахтли ва узоқ турмуш хаёл демакдир. Зеро, “Қарс икки қўлдан чиқади”, дея бежиз айтишмаган.

Сабр. Кун ўтган сари ҳамма нарса тезлашмоқда. Бунинг таъсирида инсонлар шошқалоқ, сабрсиз бўлиб бормоқда. Ёш жуфтликлар ўртасида ажримлар кўпаяётгани ҳам шундан. Ваҳоланки, бу ҳаётда, айниқса, оила мустаҳкамлиги, эр-хотинлик муносабатлари давомийлигининг зарур шартларидан бири сабрдир.

Фитратга муносиб жавобгарлик. Инсон табиати унга уйғун бўлмаган нарсаларни рад этади. Шундай экан, жуфтлар орасида ҳам ҳар ким фитратига мувофиқ масъулиятни зиммасига олиши тинч, ҳаловатли ҳаёт асосидир.

Кенгашиб иш кўриш. Жуфтингизга эътиборли эканингизни кўрсатишнинг энг таъсирли йўли унинг фикрларини инобатга олишдир. “Маслаҳатли тўй тарқамас” мақоли оила ҳаётида янада муҳим маъно касб этади. Бу узоқ ва бахтли турмушларда исботини топган. Қарор қабул қилаётганда жуфтликларнинг бир-бирларига, оилаларига маслаҳат солишлари жуда аҳамиятлидир.

Тамасиз фидокорлик. Оилада қанчалик бахтли бўла олишингиз қай даражада фидойилик қила билишингизга боғлиқ. Ажрашишлар кўпинча эр-хотиннинг бу қоидага риоя қилмаслиги боис юзага келади. Узоқ ва бахтли ҳаёт кечираётган жуфтликлар оила мустаҳкамлигида фидойилик муҳим эканини қатъийлик билан таъкидлайдилар.

Дуо. Ҳеч бир замон, ҳеч бир маконда дуонинг моҳияти ўзгармайди. Яхшиликни истаган инсон тилу дилидан илтижони туширмайди, дуо қилишдан эринмайди. Ҳар ишда бўлганидек, хотиржам, чиройли оилавий ҳаёт учун ҳам Аллоҳ таолога дуо қилиш энг мақбул амалдир.

Шунингдек, ишонч, муҳаббат, садоқат, ростгўйлик, бағрикенглик, кечиримлилик, қаноат, жуфтининг яқинларига ҳурмат, меъёрни билиш, етарли иқтисод, фарзанд, ғазабни босиш, таслимият, ҳамкорликдаги ижтимоий фаолият, маърифатли фикр алмашувлар мустаҳкам ва тотув оиланинг асосий омилларидир.

Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.