Ҳайдовчи радио овозини бирдан кўтарди, ундан кулгу, қаҳқаҳа эшитилиб, сўз устаси эмас, хашаки бир сўзамол ҳаётий воқеалардан ҳикоя қилмоқчи эканини айтиб, ҳангома бошлади. Айрим йўловчилар юзига табассум югурди. Сўзамол бир куёв номидан гапирарди. Кунда-кунора қизиникига меҳмонга келадиган, бир йилда бир неча марта туғилган кунини нишонлайдиган, ҳар байрамда совға талаб қиладиган, етмишдан ошганига қарамай пардозсиз юрмайдиган, дастурхонга қўйилган нарсаларни аралаш-қуралаш тушираверадиган бир қайнона зулмидан тоқати тоқ бўлган куёв...

Овоз бирор йиғинда ёзилган бўлса керак, ора-чира тинг­ловчиларнинг завқ билан кулганлари ҳам эшитилиб турибди, демак, маъқуллашяпти. Кўриниб турибди, ҳангомачи бу латифани биронта четэллик "кулгу устаси" бисотидан таржима қилган-у, исмларни, воқеа жойлари номини ўзбекчалаштирган. "Кулгуси"нинг маъно-мантиқи халқимизнинг қадриятлари, урф-одатларига қанчалик тўғри келиш-келмаслиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган. Ҳолбуки, "Пайғамбаримиз сийлаганлар", дея куёвини ҳурматлайдиган, куёв олдида андишаю сиполик, ор-номус либосларини кийиб оладиган, тилида айтмаса-да, кўнглида алоҳида меҳру ихлос билан суядиган қайноналарнинг кўпини кўрганмиз. Қизи тушган жойи­да тиниб-тинчишини, бахтли, ували-жували бўлишини хоҳлаган она куёвга, қуда-андаларга чиройли муносабатда бўлмайдими, ахир! Қолаверса, бундай муомаласи билан қизига ибрат бўлади, қизи ҳам эрига шундай иззат-икром кўрсатишини талаб қила олади.

Бир дугонам қизини узатганидан кейин ҳаяжон билан:

-Куёвим "ая" деб чақирган эдилар, хурсанд бўлганимдан юрагим гупиллаб кетди. Бировнинг балоғатга етказиб қўйган боласи "она" деб ҳурматлаб турса, ажойиб бўларкан, - деган эди.

Келинни қиз, куёвни ўғил ўрнида қабул қилиш халқимизнинг азалий удумларидан. Кексалар бунинг оқибатларини яхши тушунишади. Ўзлари мус­тақил яшайдиган ёш эр-хотин онгига ҳам бу хайрли анъана сингдирилиши керак. Ҳаётда ҳеч нарса изсиз кетмайди. Одамларнинг шунчаки вақтичоғлиги учун тўқилган енгил-елпи гап-сўзларни рост деб қабул қиладиганлар, уни гапириб юрадиганлар, ўрни келиб қолганда эшитганларини амалда қиладиганлар ҳам топилади, афсус.

"Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир", дейди халқимиз. Ўзни, элни, ўзликни юксалтирадиган хайрли сўзлардан гапирайлик кўпроқ.

 

Муҳтарама УЛУҒОВА