Дунёда ҳеч бир инсон волидаи муҳтарама ўрнини боса олмайди. Унинг олдига дунёдаги энг лаззатли таомларни олиб келсангиз ҳам, озгина ейди-да, қолганини албатта, фарзандига илинади. Халқимизда: “Онага берманг баҳо, чунки она – бебаҳо! ” деган ҳикматли гап бор. Ота-она ҳақини адо этиш учун эса фарзанднинг умри етмайди. Шоир айтганидек:

 

Фақатгина она қадринг биларкан,

Фақатгина она дардинг оларкан.

Қалбинг йиғлаганда, юрагинг ёнса,

Фақатгина она дардинг оларкан.

 

Бир куни онамнинг кундалигини ўқиб, кўзларимга ёш келди. Унда қуйидагилар ёзилган эди:

“Жоним болам! Шундай пайтлар келадики, мен қарийман. Ўшанда сабрли бўл ва мени тушунишга ҳаракат қил.

Агар еяётган овқатимни бехосдан тўкиб қўйсам ёхуд кийимларимни ёрдамингсиз киёлмасам, “Ёш боладан баттармисиз?” деб оғринма. Сен ҳам шундай ёрдамга муҳтож эдинг, бу ишларни ўргатаётганимда қанча вақтим кетгани ҳақида ҳатто ўйламаганман. Чунки сен учун жонимни ҳам аямайман.

Қариликда агар битта гапни кўп маротаба такрорласам, эзмаликда айблама. Мени эшит, кичиклигингда ухлатиш учун сен яхши кўрган эртакни неча марталаб айтишимга тўғри келарди. Ҳар гал жон деб тинглар эдинг, мен бундан қувонардим. Менинг ҳаёт эртагим охирлаб боряпти, қачондир надоматда қолмаслигингни хоҳлайман.

Баъзи бир янгича буюмларга тушунмасам мени айблама, тушуниб олишим учун бир оз сабр қил. Ахир сенга ҳаёт синовларидан ўтишни ўргата олгандим.

Хотирам панд бериб, ниманидир эсдан чиқариб қўйсам, суҳбатда фикрларим чалкашса, койима. Ахир энг асосийси гапни гапираётганим, сенинг ёнингдалигим эмасми?!. Кичкиналигингда мендан бир зум нари кетишни истамас эдинг...

Агар ҳориган оёқларим менга хизмат қилишдан, суянч бўлишдан толиқса, қўлларингни узат. Худди қачонлардир илк қадамларингни ташлаётганингда сенга қўлларимни тутганим каби. Қариётганимдан хафа бўлма, ўзингни ожиз ҳис қилма. Ёнимда бўл, мени тушунишга, ҳаёт йўлим якунига қадар меҳр-муҳаббат, тоат-ибодат билан етишимга ёрдамингни аяма. Бунинг учун сени розилигим, дуоларим, табассумим ва ҳеч қачон сўнмайдиган меҳрим билан тақдирлайман! Сени яхши кўраман, болажоним!”

Ҳадиси шарифда: “Яхшиликни аввал онангга, онангга ва яна онангга, сўнг отангга қилгин”, деб бежиз айтилмаган. Шунинг учун ғанимат умримиз давомида ота-онамизга яхшилик қилишга шошилайлик!

 

Саидбараҳмабек  КАРИМОВ,

Боғдод туман "Султонобод" жоме масжиди имоми