Динимиз уйларга киришда ҳам маълум одобларга риоя қилишни тавсия этади:

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Эй мўминлар, қўл остингиздагилар ва балоғатга етмаган фарзандларингиз уч марта ҳузурингизга киришда сизлардан изн сўрасинлар – бомдод намозидан илгари, пешин вақтида иссиқдан кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. Бу уч вақт сизларнинг авратларингиз очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлардир. Улар ўша вақтдан сўнг изн сўрамай кирсалар, сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир” (Нур, 58).

Рухсат сўрашда эшик оҳисталик билан уч бор тақиллатилади. Чунки уй эгалари биринчи тақиллатганида эшитади, иккинчисида тайёрланади, учинчисида рухсат беради. Агар рухсат берилмаса, қайтилади. Аллоҳ таоло шундай баён қилади: “Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз. Агар сизларга “қайтингиз!” дейилса, қайтиб кетаверингиз! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир” (Нур, 28).

Эшик қоқаётган киши дарвозанинг ўнг ё сўл томонида туриши ва изн бўлгач, салом бериб, сўнг ичкарига кириши лозим.

Уйдан ёш бола чиқиб, “кираверинг” деса, бу рухсатга ўтмайди. Чунки болакай уйдагиларнинг рухсатисиз ўзича “кираверинг” дейиши ҳам мумкин. Яна уй эгалари “ким?” деб сўраганида, “мен” демасдан, ўзини таништириш ҳам одобдандир. Дарвозадан киргач, ҳар томонга аланглайвермасдан уй эгаси кўрсатган жойга ўтириш ҳам одобдир.

 

Худоёр ЎРАЗИМБЕТОВ,

Тошкент шаҳридаги “Олмазор” жоме

масжиди имом-хатиби