Инсон дунёнинг ҳамма матоҳларига эришиши мумкин, аммо ҳаётдан ором ва таскин топиш учун эса у дуога муҳтождир.

Қисқа, аммо маъноси муаззам бўлган дуоларимиз руҳимизни тетик, қалбимизни шод этади, имонимизга ҳаловат беради.

Ҳаётимиздаги барча эзгу нияту мақсадларимизни амалга оширишда “Иншоаллоҳ” (Агар Аллоҳ хоҳласа) калимаси дилларимизга умид ва ишонч бахш этса, дунёга эндигина келган гўдакни “Машааллоҳ” (Аллоҳ нимани хоҳласа) дея кутиб оламиз ва бирор кишининг қазоси ҳақидаги хабарни эшитсак, “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун” (Биз Аллоҳникимиз ва Унинг ҳузурига қайтажакмиз) дея тасалли топамиз. Роҳатланганда ва шукр қилинганида “Алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳ таолога чексиз мақтовлар бўлсин) дейилса, ҳайратланганимизда “Субҳоналлоҳ” (Аллоҳ барча нуқсон ва айблардан покдир) деймиз ва эҳтиром, эътибор ва қутловимизни “Баракаллоҳ” (Аллоҳ баракали қилсин) дея ифода этамиз.

Гуноҳу маъсиятларимиз ҳамда хатою камчиликларимиз учун Аллоҳга “Астағфируллоҳ” (Аллоҳдан мағфират сўрайман) дея илтижо қиламиз. Устоз ва ота-онамиз ҳамда яқинларимиз ва дўстларимиз билан “Фи аманиллаҳ” (Аллоҳ таолонинг омонати ва ҳимоясида бўл) дея хайрлашамиз. Янги бир ишга енг шимарганимизда “Таваккалту аллоҳи” (Аллоҳ таолога таваккул қилдим) деб жазм қиламиз. Туғилишдан ўлимга қадар давом этган ҳаёт йўлининг ҳар қадамида бу дуолар ила Парвардигоримизга бандалигимизни ифодалаймиз.

 

Абдулвосе КАРИМОВ