Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқ (одоб)дан кўра афзалроқ нарсани мерос қилиб қолдира олмайди” (Термизий ривояти)

“Қуш уясида кўрганини қилади” деган доно ибора бежиз айтилмаган. Фарзанд ота-онасининг насиҳатидан кўра намунасидан кўпроқ ибратланади. Тан олиш керак, гап бошқа-ю, амал бошқа бўлган вазиятларга дуч келамиз. Болани нимадандир қайтариб, ўзимиз тийилмасак, ўгитларимиз таъсир қилармикин? Бугунги куннинг бир оғриқли нуқтаси бунга яққол мисол. Уйда, кўчада, ишдаю ўқишда деярли ҳамманинг қўлида телефон. Лекин энди бу нафақат узоқдаги яқинлар билан боғланиш воситаси, балки кўз илғамас иплар билан бизни виртуал олам гирдобига тортиб олаётган кучга айланиб бормоқда. Интернетнинг фойдали жиҳатлари ўз йўлига. Бироқ, маълум салбий таъсирини англаганимиз учун фарзандларни унинг домидан қайтаришга уринамиз. Тақиқ билан гўёки муаммони ҳал этмоқчи бўламиз. Биз катталарнинг хатоимиз шунда. Ахир, чекловлар қўйсак-да, ўзимиз тарк этолмаётган олам ёшларга янада қизиқарли туюлиши аниқ-ку! Бола бу “олам”га йўлни бошқа жойлардан – компьютер хоналари, дўстлари телефонларидан излай бошлайди. Ана шу жараёнда дилбандимизнинг тўғри йўлдан адашиши ҳеч гап эмас. Афсуски, бугун ушбу вазиятдан устомонлик билан фойдаланишга уринаётган ғаразли кимсалар бор. Турли диний экстремистик оқимларга, жангарилик ҳаракатларига янги аъзоларни жалб этишга интилаётганлар аввало ҳали ўз йўлини топмаган ғўр, ишонувчан ёшларга кўз тикади. Қарабсизки, онгига маърифат сингдирилмаган ўғил-қизлар жаҳолат ботқоғига ботади. Уларни бу ботқоқдан муҳофаза қилишнинг чораси болага, унинг тарбиясига эътиборли бўлиш, ўз хатти-ҳаракатларимиз билан ўрнак кўрсатишдир.

Энди туғилган гўдагини донишманднинг ҳузурига олиб келиб, “Тарбияни қачондан бошлаш керак?” деб сўраган ота-она қандай жавоб олгани маълум, бу ривоятни барчамиз эшитганмиз. Бола тарбияси туғилиши билан эмас, ҳатто ундан олдин, она вужудида пайдо бўлиши билан бошланади. Бола ўша пайтданоқ ҳамма нарсани сезади, ҳис этади! Демак, тарбия жараёнига онанинг ҳомиладорлик давридан асос солинади. Ота-она хушхулқи, чиройли муомаласи, ростгўйлиги, покизалиги, илмга чанқоқлиги ва луқмани ҳалол қилиши билан солиҳ фарзанднинг вояга етишига замин яратади.

Юртимиз мустақилликка эришганига салкам чорак аср бўлди. Бу вақт ўзлигимизни англаш, кимларнинг авлоди эканимизни билиш, улуғ аждодларга муносиб бўлишга интилиш учун етарли фурсатдир. Ўзбекистонни дунё таниди ва тан олди. Ютуқларимиз ҳақида гап кетганда, илм-фан, спорт, санъат, маданият соҳасида зафарларга эришаётган ёшларимиз алоҳида ифтихор билан тилга олинади. Яратилган ана шу шарт-шароитлардан самарали фойдаланиш, юксак марраларни эгаллаш имконияти ҳаммада бор. Фақат мақсадларни аниқ қўйиш, тўғри йўлни танлаш лозим. Эзгулик манзили томон интилаётган ўғил-қизларнинг энг биринчи ва асосий йўлбошчилари эса шубҳасиз, ҳамиша ота-она, уларнинг шахсий намунаси бўлиб қолади.

 

Шаҳноза МУСЛИМОВА