Муҳтожга ёрдам кўрсатиш, маҳзун кўнгилга таскин бериш, етимлар бошини силаш, аёл ва болаларни авайлаш, кексаларни эъзозлаш бағри кенг халқимизнинг ўзига хос хислатларидандир. Айниқса, мустақиллик йилларида бу миллий қадриятларимиз, азалий урф-одатларимиз қайта тикланиб, тобора теран илдиз ота бошлади. Муҳтарам Юртбошимизнинг жорий йилни “Кексаларни эъзоз­лаш йили”, дея эълон қилишларида ҳам мана шундай беназир қадриятларимиз ўз ифодасини топган.

Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Биз кимга узоқ умр берсак, унинг вужудини ҳам (эгик, заиф) қилиб қўюрмиз. Ахир, ақл юргизмайдиларми?!” (Ёсин, 68).

Инсон заиф ва нимжон бўлиб туғилади. Аста-секин улғайиб, қувватга тўлади. Вақт ўтиши билан яна мадори қочиб заифлашади. Ояти каримада ҳар ким кексайганида ёрдамга муҳтож бўлиши айтилмоқда. Шунинг учун қарамоғида кекса ота-онаси ёки қариндоши бор кишилар вақти келиб ўзлари ҳам кексайишларини ўйлаб, уларга доим яхши муомалада бўлишлари керак.

Кексаларнинг борлиги биз учун бахт. Чунки улар ҳамиша дуога қўл очиб эл-юрт тинчлигини, фарзандлар камолини Аллоҳдан сўрайдилар. Зеро, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Соч-соқоли оқарган, суннатни маҳкам ушлаб, тўғри йўлда бўлган киши Аллоҳ таоло­дан нима сўраса, унга сўраган нарсасини бермасликдан Аллоҳ таоло ҳаё қилади” (Ибн Нажжор), деб кексаларнинг дуолари ижобат эканига ишора қилганлар.

Муқаддас манбаларга суянган ҳолда айта оламизки, қарияларни қадрлаган киши ҳеч қачон кам бўлмайди. Шундай экан, муҳтарам Юртбошимиз ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурини ҳаётга изчил татбиқ этиш учун сидқидилдан ҳаракат қилиш ҳаммамизга ҳам қарз, ҳам фарздир.

 

Муҳаммадризо ОҚИЛХОНОВ,

Китоб шаҳар "Хўжа Бухорий"

ислом ўрта махсус билим

юрти талабаси