Халқимизда қадим-қадимдан фарзанд тарбияси, унинг одобига алоҳида эътибор берилган. “Бола азиз, одоби ундан азиз”, деган қадимий нақл ҳам ана шунинг инъикосидир. Бунинг илдизи эса миллатимиз қон-қонига сингиб кетган динимизнинг ҳаётбахш талаб ва чақириқларига бориб тақалади. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) жуда кўп ҳадиси шарифларида тарбия масалаларига алоҳида тўхталганлар. Жумладан: “Ота ўз фарзандига чиройли одобдан афзалроқ нарса беролмайди” (Имом Термизий ривояти), “Ўғилларингизга сувда сузишни, камонда отишни, қизларингизга эса касб-ҳунарни ўргатинглар” (Имом Байҳақий ривояти).

Шу каби талаблар таъсирида ўсиб-улғайган Шарқ мутафаккирлари ҳам ўз асарларида боланинг оиладаги тарбиясига алоҳида урғу берганлар. Жумладан, Абу Али ибн Сино ўзининг “Донишнома” асарида бу масалага аввало ота-она масъуллигини таъкидлайди. Шунингдек, ота-онанинг илмли, фозил ва дунёқараши кенг бўлиши лозимлигини уқтиради.

Абу Али ибн Сино ёш болани яхши ахлоқли, жисмонан соғлом қилиб камол топтиришда шахсий намуна бўлиш усулининг афзаллигини бундай изоҳлайди: “Бола тарбиясида аввало оила ҳаётини тўғри йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки оилада катта ёки кичик нарса бўлмайди. Ҳамма нарса, ҳатто энг оддий бўлиб кўринадиган оилавий муносабатлар ҳам болага таъсир кўрсатади. Айниқса, ростгўйлик, самимийлик, садоқатли ва ширинсўз бўлиш бола камолотидаги муҳим ҳаётий воситалардандир”.

Кайковус ҳам “Қобуснома” асарида фарзанднинг ақлли бўлишини давлатманд бўлишдан кўра улуғроқ санайди: “Агар молсизликдан қашшоқ бўлсанг, ақлдан бой бўлмоққа ҳаракат қил, чунки мол ила бой бўлмоқдан, ақл ила бой бўлмоқ яхшироқдур. Ақл ила мол жам этса бўлур, аммо мол ила ақл ўрганиб бўлмас. Билгил, ақл бир қимматбаҳо нарсаки, уни ўғри ололмас, у ўтда ёнмас ва сувда оқмас”.

Демак, бола тарбиясида энг муҳим жиҳат бу – ота-онанинг сабр-тоқати, хотиржамлиги ва ҳамжиҳатлиги. Чунки нотинч оилада ўсган боланинг асаби толиқиб, жаҳлдор бўлиб қолади, вояга етганидан сўнг ҳам бу нарса ўзининг салбий оқибатларини кўрсатиши табиий.

Олимлар фикрича, ота-онанинг оиладаги масъулиятини қуйидагича белгилаш мумкин:

– болага соғлом турмуш тарзини ўргатиш, илк ҳуқуқий, иқтисодий билимларни бериш, ахлоқ-одоб меъёрларига ва тиббий-гигиеник талабларга риоя қилишни уқтириб бориш;

– қизиқишларига қараб бўш вақтни тўғри тақсимлашни ўргатиш;

– спорт билан шуғуллантириш, турли ҳаракатли ўйинлар, машқлар орқали уни чиниқтириш, экологик ва эстетик жиҳатдан тарбиялаш;

– болаларнинг ўғил ёки қизлигига қараб тарбияда ўзига хос алоҳида хусусиятларига эътибор қаратиш, у билан дўстона суҳбатлар қуриб туриш;

– дунёвий ва диний билимларни эгаллашларига жиддий эътибор бериш, уларни Ватанга муҳаббатли қилиб ўстириш мақсадга мувофиқдир.

Фарзандни қандай бўлса шундайлигича – ўзининг алоҳида хусусиятлари, одатлари билан қабул қилиш лозим. Ҳар бола алоҳида бир олам, унинг шахси такрорланмаслигини, ўзига хослигини тушуниш ота-онадан сабр ва масъулият талаб қилади. Фарзанд ота-онаси истаганидек мукаммал шахс бўлмаслиги мумкин. Шуларни ҳисобга олган ҳолда болалар дунёқарашини шакллантириш, камчиликларини, ҳиссиётларини, иқтидорини инобатга олган ҳолда тарбиялаб бориш ота-онанинг энг муҳим вазифасидир.

Шунингдек, боланинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, атрофдагиларни ҳурмат қилиш, меҳр-муҳаббат кўрсатиш ва бирдамликда ҳаракат қилишга ўргатишда устоз-муаллимлардан кўра, ота-она ва бобою бувиларнинг ўрни беқиёс. Улар ўз ҳаётлари давомида кўрган қийинчиликлари ва йўл қўйган хатоларидан тўғри хулоса чиқариб, болаларга бундай ҳолга тушмаслик йўлларини тушунтиришлари ўзига бўлган ишонч, меҳнатсеварлик ҳамда сабр-тоқат ҳиссини юзага келтиради.

Шунингдек, ота-она боланинг хато ва камчиликларини юзига солишдан, бошқалар олдида уялтиришдан тийилишлари керак. Бу ҳолат болада ўзига нисбатан ишончсизликни пайдо қилиши мумкин. Аксинча, болага: “Сени бугунги ишинг яхши, эртага бундан ҳам яхши бўлади”, дея рағбатлантириб туриш лозим. Тарбиянинг бу йўли боланинг руҳий ва жисмоний саломатлигини мустаҳкамлайди, олдига қўйган мақсади йўлида ички ва ташқи келишмовчиликларни енгиб ўтишида куч бағишлайди ва энг асосийси ўзига бўлган ишончни кучайтиради.

Айтиб ўтилган тарбия ишларини амалга оширишда дастлабки қадам эса ота-онанинг маънавий билим савиясини юксалтириш, уларда соғлом тафаккур ва замонавий дунёқарашни шакллантиришдир. Бу эса ҳар бир ота-онанинг ўз фарзанди, қолаверса, эл-юрт олдидаги бурчини тўғри англашини, боланинг камол топиши борасидаги диний ва миллий кўрсатмаларни пухта билишини тақозо этади.

Аброр АЛИМОВ,

Тошкентдаги “Қатортол”

масжиди имом-хатиби