Сен агар бировдан йўл-йўриқ ўрганмоқчи бўлсанг-у, бу насиб этмаса, сен шунда ҳам умидсиз бўлма ва Аллоҳнинг иноятидан баҳраманд бўлиш ниятидан қайтма.

Сен агарда йўлга чиққан мард инсон бўлсанг, нопок нафсингдан кеч ва шу маҳалнинг ўзида пок кишилар юрган тўғри йўлга чоғлан.

Бу йўлга кираётганингда аввал тавба-тазарру ёшлари билан бутун баданингни покла. Яхши томони шундаки, Яратган (ўз ишидан) пушаймон бўлганларни пушаймон қилдириб қўймайди (ўтган ишларнинг домига ташлаб қўймайди).

Нафсингни турли риёзатларга буюрмасдан туриб, унинг иллатлари устидан ҳукмрон бўлишинг мумкин эмас.

Айтайлик, нафсинг сенга бўйсунди, лекин бу ҳали қийинчилик, машаққатлар бутунлай чекинди, дегани эмас (сен ниманики мушкул деб билган бўлсанг, бундан ҳам ортиқ мушкулликлар бор).

Дил денгизида кетма-кет келадиган тўфонлар хатари борлигидан билгилки, агар сен ҳам зарарли туғёнларга берилсанг, кўнгил кемаси ғарқ бўлиши мумкин.

Сен тоат-ибодатни юз карра ўрнига қўйсанг-у, унга риё юққан бўлса, уни тоат денгизи эмас, гуноҳ денгизи деб бил.

Риёзат қудуғини қазиб, кўнглинг равшанлик тортганда англаб биласанки, у сени оқибатда иззат билан канъонли ой (яъни Юсуф) каби тахтга ўтқизади.