Донишманд шогирдларига савол берди: 
– Нима учун одам жанжаллашиб қолганида бақириб гапиради? 
– Жаҳл чиққанда ақл кетади, – деди бири.
– Ғазаби қайнаган киши ўзини идора қилолмайди, – жавоб берди бошқаси.
– Аламига чидолмайди-да, – фикр билдирди яна кимдир.
– Хўп, нега айнан овоз баланд­латилади? – сўради устоз.
Шогирдлар ўйланиб қолишди.
Шунда донишманд ўз мулоҳазасини айтди:
– Одамлар орасида можаро пайдо бўлганида уларнинг қалби бир-биридан узоқлашади. Шу боис фикрни суҳбатдошга етказиш учун баланд овозда гапирилади. Зиддият қанча кучли бўлса, қалблар бир-биридан шунча йироқлашаверади ва охир-оқибат юзма-юз туриб ҳам инсонлар бир-бирини эшитмаслиги мумкин. Аксинча, одамлар орасида меҳр, ҳурмат туғилганда қалблар жуда яқин бўлади. Овоз кўтаришга ҳеч қандай зарурат қолмайди. Аҳамият берганмисиз, одатда севишганлар муҳаббатини пичирлаб изҳор этади. Ёдингизда бўлсин, қаҳр-ғазаб билан фақат кўнгилни хуфтон қилиш мумкин, холос. Лекин ҳеч бир яхшиликка эришиб бўлмайди. Ҳар қандай келишмовчиликни ширин муомала, вазминлик ва сабр билан ҳал этишга интилиш лозим. 
 
Акбаршоҳ РАСУЛОВ 
тайёрлади.