Кунлар совий бошлади. Изғирин шамол узоқ йўл босиб чарчагандек, деразамиз олдида уф тортади. Уйини тополмаганми, иккита мусича бўғот тагидан жой излашади. Олти ёшли Абдулмўмин уларни анча кузатди, ке­йин дадасига хархаша қилди:
– Дадажон, ану қушларнинг уйи йўқ экан, уйимизга олиб кирайлик. 
– Ўғлим, қушлар ейдиган нарсасини учиб юриб топади, улар учиш учун яратилган, – деди дадаси.
Абдулмўмин йиғлай бошлади:
– Улар совқотиб қолишади, нон берайлик...
– Бирорта жой топишар, ўғлим, кеч бўлди, ёт, дамингни ол.
Лекин бола ҳеч гапга кўнмади, сўзида туриб олди. Мажбур бўлган дадаси болахонада ётган эски тунчироқ қопқоғини ин қилиб ясади-да, бўғот яқинига осиб қўйди. Чуғурлашаётган қушлар бир зумда унинг ичига йиғилиб, мажлис бошлаб юборишди. Абдулмўмин ўзида йўқ хурсанд эди. Инчага нон ушоқларини сепишган эди, қушлар хуркиб пириллашди, сал ўтмай кечки овқатга йиғилишди чоғи, шитир-шитир овоз келди.
Абдулмўмин энди хотиржам бўлди шекилли, ўша томонга қараб ётганча ухлаб қолди. Дадаси меҳр-шафқатли ўғлининг пешонасини силаб, устини ёпди. 
Машкура СОБИРОВА