Мустақиллик йилларида халқимизнинг, айниқса, қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш, шаҳар ва қишлоқ аҳлининг ҳаёт тарзи орасидаги тафовутларни имкон қадар камайтириш борасида амалга оширилган ишлар, тадбирлар натижаси кўз ўнгимизда, уларнинг самараларидан кундан-кунга кўпроқ баҳраманд бўляпмиз. Узоққа бормай, ҳар биримиз яшаётган маҳалла, қишлоқдаги ўзгаришлар, янгиланишларни бу фикрга далил сифатида келтиришим мумкин. Биргина мисол: туманимизнинг “Хўжа Ҳасан” қишлоқ фуқаролар йиғини худудида чорвачилик, парррандачилик, гулчилик, иссиқхоналарда ҳар хил неъматлар етиштириш, шунингдек, устачиликнинг турли йўналишлари, тунукачилик бўйича тажрибалар тўпланди. Натижада халқ истеъмоли молларини кўпайтириш, одамларни иш билан таъминлаш, ёшлар қалбига миллий қадриятларни сингдириш каби муҳим ижтимоий-иқтисодий муаммолар ҳал бўлмоқда. Тадбиркорлар ишлаб чиқараётган, етиштираётган маҳсулотлар ҳаёт фаровонлигини, тўкинлигини таъмин­ламоқда; уларнинг атрофига лаёқатли ёшлар жам бўлиб, устоз-шогирдлик анъанаси давом этмоқда; меҳнат билан машғуллик, касб-ҳунар ўрганиш орқали йигит-қизлар­нинг мустақил ҳаётга ишонч билан кириб келишларига замин яратилмоқда.
Лекин... гуруч курмаксиз бўлмаганидек, тайёр имконият, шароитлардан фойдаланмай, бесабрлигидан муаммо устига муаммо орттираётганлар ҳам бор. Яқинда бир хонадонда оилавий нотинчлик сабабларини муҳокама қилдик. Қайнона келинини рўзғор ишларига уқувсизликда, муомала-муносабатни билмасликда айблаб, рўзғордаги етишмовчиликлардан нолиди. “Маҳалла менга ёрдам бермаяпти”, деб норози бўлди. Бу оиланинг етмиш сотихли ҳовлиси бор. Деҳқончиликнинг ўзидан анча даромад қилса бўлади. Аммо ерлари қаровсиз ётибди. Кўпни кўрган, ҳаёт иссиқ-совуғини бошдан кечирган ёши катталар шундай ишларга бош-қош бўлиши керак-ку! Қарангки, шу онанинг қизи келин бўлиб тушган хонадон ҳам нотинч бўлиб, сабаби келин у жойнинг шарт-шароитларига кўниколмаётган экан. Онасидан сабр-қаноатни ўрганмаган қиз янги рўзғорнинг баланд-пастига рози бўлиши, ўрганиб кетиши ҳам қийин.
Ношукрликнинг яна бир кўриниши – туғилиб ўсган она ерида, оила аъзолари ва қариндошу қадрдонлари билан меҳру оқибат оғушида яшашнинг қадрига етмай, бозорларимиздаги тўкинлигу арзончиликка шукр қилмай, тез ва кўп пул топиш мақсадида бегона юртларга йўл олиш.  Бу йўлга кирганлар орасида ўзига ва яқинларига ғам-ташвиш орттирганлар кўп.
Яқинда учта гулдек фарзандли, эл қатори рўзғори, оғилида моллари бўлган қишлоқдошимиз уйидаги бор маблағини чўнтакка солиб, камига қариндошу қўшни­лардан ҳам қарз олиб, чет элга ишга отланди. Касалманд хотинининг ялинишлари, маҳалла фаолларининг тушунтиришларга қулоқ солмади. Аммо... у уйидан чиқиб кетганининг 36-куни ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар келди. Маълум бўлишича, қишлоқдошимизга шимолий минтақанинг нам ҳавоси ёқмай, қаттиқ шамоллаб қолган. Ётиб даволанишга имкони бўлмай, танасида юқори ҳарорат билан ишга чиққан. Кўп қаватли уйнинг тепасида ишлаётганида боши айланиб, кўзи тиниб, йиқилган.
Уйланиб, уйда келинчагини қолдириб, ўзи чет элларга ишга кетган йигитлар, уларнинг бу режасига рози бўлган ота-оналар жуда калта ўйлашади. Ахир, келин янги хонадонга қайнона билан эмас, эри билан яшаб, биргаликда фарзандларни тарбиялаш ниятида келади. Қайнота ва қайнона ҳам бир вақтлар ёш келин-куёв бўлишган, оилавий ҳаётда эру хотиннинг аҳиллиги, меҳр-муҳаббати, ўзаро оқибати, ҳамкорлигидан ортиқ бойлик йўқлигини ёшларга тушунтиришлари, уларнинг бир-биридан узоқлашиб кетишига йўл қўймасликлари керак.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан ким уйида хотиржамлик, танаси соғлом, ҳузурида бир кунлик озиғи бўлган ҳолда тонг оттирса, гўё у бутун дунё­га эга бўлгандек бўлибди”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти). Борига шукр қилиб, ҳалол топган даромадини жой-жойига сарфлаб, бор имкониятларини зое қилмай яшайдиган оилаларнинг ҳовли-жойлари ярақлайди, томорқасини яшнатиб қўядилар – бундан аввало ўзлари, қолаверса, қўни-қўшни, маҳалла, эл-юрт ҳам манфаатдор. Болаларининг тарбиясига ҳавас қиласиз. Кўнгил хотиржамлик, бағри бутунлик билан яшайдилар. 
 
Мукаррам ФАЙЗИЕВА, 
Навоий вилояти, Қизилтепа тумани