Оналарга эҳтиром кўрсатиш халқимиз­нинг миллий қадриятларидан бири ҳисобланади. Ана шундай мўътабар қадрият­ларимизни асраш, соғлом авлод ғоясини ҳаётга янада кенгроқ татбиқ этиш муҳим вазифадир. Зеро, оналар фарзандини деб ҳар қандай машаққатга, ҳаётнинг турли синовларига дош беради.
“Жаннат оналарнинг оёғи остидадир”, деган ҳадис мазмунини Алишер Навоий қуйидагича назмга солганлар:
 
Оналарнинг оёғи остидадур
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғи висолин истар эсанг,
Бўл онанинг оёғи туфроғи.
 
Чиндан ҳам, фарзанднинг соғлом, баркамол бўлиши биринчи навбатда онага боғлиқ. Гўдак руҳиятига онанинг таъсири кучлироқ бўлади, чунки бола она вужудида шаклланади, она сути билан улғаяди. Отадан кўра она билан кўпроқ мулоқотда бўлиб, тарбия­ни онадан олади. Муҳтарам Юртбошимиз Конституциямиз қабул қилинганлигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда бундай дегандилар: “...Яратганнинг буюк мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз тимсолида ҳаёт абадийлигини таъминлаб келаётган табаррук зотларни кўрамиз”.
Мустақилликнинг дастлабки йиллари­даноқ мустаҳкам оила, баркамол авлод ғояси кун тартибига қўйилиб, ҳатто давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу соҳада зарур ҳуқуқий-меъёрий асосни такомиллаштириш, миллат генофондини яхшилаш, аҳолининг ҳаёт даражасини ва сифатини ошириш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Бунинг ёрқин мисоли сифатида Тошкент шаҳрида Жанубий Корея давлатининг ёрдами билан қиймати 130 миллион 600 минг доллар бўлган кўп тармоқли замонавий болалар шифохонасининг қурилиши бошланди. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари: “Бу мажмуанинг – Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ҳудудида ягона бўлган, яъни энг юқори даражага эга ноёб тиббиёт масканининг яқин келажакда фойдаланишга топширилиши соғлом авлод тарбияси йўлида улкан қадам бўлиши шубҳасиздир”, дея таъкидладилар.
Баркамол авлодни тарбиялаб етиштириш масаласига шахсан давлат раҳбари томонидан эътибор кўрсатилаётгани Ўзбекистонимизнинг келажаги буюк эканига яна бир далилдир. Бунинг аниқ самараси нималарда кўринмоқда? Биргина мисол: яқинда Андижонда бўлдим. Вилоят марказини-ку айтиб ўтирмай, чекка қишлоқларда ҳам одамлар, айниқса, аёллар учун шундай ижтимоий, маиший шароитлар яратилганки, кўриб кўз қувонади. Намунавий лойиҳадаги уй-жойларда яшаётган, тоза ичимлик суви, табиий газдан фойдаланаётган аёлларимиз, замон талаб­лари даражасида таъмирланган мактабларда таълим олаётган, спортнинг бир неча тури билан шуғулланаётган фарзандларимиз мамлакатимизда аҳоли фаровонлиги, соғлом авлод тарбияси йўлида қилинаётган ишлар кўлами биз ўйлагандан ҳам кенгроқ эканини кўрсатади.
Мунтазам кузатиб бораман, халқаро спорт мусобақалари, интеллектуал олимпиадаларда ёшларимиз дунёнинг бирор мамлакатидаги тенгдошларидан кам эмаслигини, аксинча, уларни ортда қолдиришга қодир эканликларини исботлаб келмоқдалар. Бу айнан давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси ва раҳнамолигида амалга оширилаётган соғлом авлодни тарбиялашдек олижаноб мақсадга йўналтирилган кенг қамровли ишларнинг самарасидир.
Муҳтарам Юртбошимиз юқорида эслаб ўтилган тантанали маросимдаги маърузаларида ўта муҳим масала – бўлажак оналар – қизлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, бундай дедилар: “Қиз болани коллежни битирмасдан, ҳунар эгалламасдан туриб, кимки турмушга бермоқчи бўлса, билиб қўйинглар, буни мен узоқни кўрмаслик, калтабинлик деб ҳисоблайман. Қиз бола, аввало, касб эгалласин, ўз фикрига эга бўлсин, ҳаётни англасин. Шундан кейин у ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топади, жамиятимизнинг фаол аъзосига айланади, эртага у қурадиган оила ҳам мустаҳкам бўлади”.
Чуқур ҳаётий заминга эга бу сўзларга амал қилиш муносиб самара беришига шубҳа йўқ. Аждодларимиз келинликка одобли, билимли, фозила қизларни танлаганлари бежиз бўлмаган. Узоқни кўра билганлари учун ҳам улар келажак наслларининг ҳар жиҳатдан баркамол бўлиши тадоригини кўрганлар. Халқимиз орасидан бутун дунё эътироф этган буюк алломаларнинг етишиб чиқиши замирида ҳам айни шу ҳақиқат мужассам. Чиндан ҳам, маълумотли, касб эгаллаган, ўз фикрига эга, ҳаёт моҳиятини теран англаган қизларгина комил шахсларга она бўлиши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда қиз­лар ка­­молоти учун барча ша­роит­­лар яратилган. Хал­қ­аро кўрик-танловларда Ва­тани­миз шаънини муносиб ҳимоя қилаётган, ақлли, зукко, илм ва спорт соҳасида кўплаб ютуқларга эришаётган қизларимизга Зулфия номидаги Давлат мукофоти берилаётгани бунинг ёрқин исботидир.
Халқимизда: “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган пурҳикмат нақл бор. Эртанги кунимиз билан боғлиқ бу ўта муҳим ва маъсулиятли ишга бутун жамият аъзолари бир тану бир жон бўлиб киришмоқлари зарур.
 
Абдуғани СУЛАЙМОН