Ёши етмишдан ошган бир мунис онахон қалбини очиб шундай деди: “Тобора қувватдан кет­япман, бу ёғига ҳам пешонада борини кўраман, дейман-у... Яратганга шукр, фарзанд, ризқ-неъматларидан қисмади. Уй-жойим, топармон-тутармон болаларим, уддабурон келинларим, бир-биридан аълочи, чиройли ўғил-қиз набираларим бор. Аммо набираларим ўртасида ҳар куни арзимаган нарсалардан можаро чиқади. Улар телевизорда бири у канални, бири бошқасини қўямиз деб талашиб, дўппослашишгача боришади. “Ҳой, айланайлар, ҳамма ишни чиройли муроса, ҳалимлик билан ҳал қилса бўлади-ку!” дейман. Ўғил-қизларим: “Сиз инжиқ бўлиб қолгансиз”, дейишади.
Мен урушдан кейинги оғир йилларни кўрганман. Ҳатто ўша дамларда ҳам отам ҳамиша онам­ни сизлаб гапирар, онам ҳам отамнинг юзига тик қарамасди. Болалар ўртасида ҳам бақир-чақир, жанжал-тўполон бўлмасди. Етишмовчиликлар кўп бўлса-да, жуда аҳил-иноқ эдик...
Ҳозир эса ҳамма нарсамиз бор. Дастурхонимиз турли-туман ноз-неъматларга тўла. Набираларимнинг кийимлари башанг. Уларнинг эртанги кунини ўйлайман. Қиз набирамнинг пардози меъёридан ортиқ экани, ўзини тутиши ҳақида фикримни билдираман, насиҳат қиламан. Шунда унинг қайсарлиги тутади, келин ва ўғлим норози. Шундай дамларда дилимдан: “Индамасам, тилимни ҳакка чўқирмиди”, деган ўй ўтади. Бироқ нима қилай, болаларим, набираларимнинг келажагини ўйлайман-да...
Онахон кўз ёшларини артиб, бир зум тин олди-да, гапида давом этди:
–    Ёшлари бир жойга борганда онахон менга шикоят қиляпти, деб гапларимни бошқача тушунманг. Менинг ҳолатим кексалар орасида кўп учрайди. Айрим ёш оналарнинг ўзи тарбияга муҳтож, дейман-да?!”
Яна бир зиёли суҳбатдошим шунга ўхшаш воқеа хусусида арз қилиб қолди: “Ўғлим билан келиним набирамни болалигидан турли тўгаракларга бериб, билимдон қилиб тарбиялашди. Набирам ҳозир йигирма ёшда. Кўпинча ўзаро суҳбатларда ота-онаси билан баҳслашади. Дунёқарашда ўзиб кетганини пеш қилиб, ота-онасининг фикрини писанд қилмайди. Энг ёмони, онаси уни ортиқча мақтаб, фикрини маъқуллаб, кези келганда ўғлимнинг овозини “ўчириб” ҳам қўяди. Бир куни набирамни ёнимга ўтқизиб насиҳат қилдим: “Қанчалик доно бўлсанг ҳам ота-онангнинг юзига тик қарама. Улар билан бу хилда баҳслашиш одобдан эмас...” Лекин гапларим охиригача етмади.
Келиним сўзимни бўлди: “Сиз болани муте қилиб қўймоқчисиз, эркин фикрини бўғманг, у хоҳлаганича баҳслашсин. Ахир ҳурфикрли бўлишнинг нимаси ёмон?” деса бўладими?..
Онахонларнинг куюниб айтган фикрларини бир ўйлаб кўрайлик. Оилада шундай ҳолатлар юзага келишининг асосий сабаби билим ўзлаштиришу моддий неъматлар кўпайтиришга кўпроқ эътибор қаратиб, одоб-ахлоқ, азалий анъана ва қадриятлардан узоқлашаётганимиз, бола руҳия­тига “оммавий маданият”нинг салбий таъсири эмасмикан?!
Халқимизда “Бола азиз, одоби ундан азиз” деган мақол бор. Дарҳақиқат, инсоннинг ташқи кўриниши, ҳусни жамоли – ўткинчи, унинг қалб гўзаллиги, билими, хулқи, одоби ҳаёти давомида ўта муҳим ўрин тутади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг “Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларга чиройли одоб ўргатинг” деганлари ота-­онанинг фарзандига қолдирган энг яхши мероси одоб эканини таъкидлаб туради.
 Ана шу ҳақиқатга амал қилиб, бугун фарзандларимизга гўзал тарбия берсак, иншоаллоҳ, эртага унинг ширин меваси насиб этади.

Маъмура АБДУРАҲИМОВА