Юртимиз мустақилликка эришганидан буён муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ёшларни тўғри тарбиялаш ва саломатлигини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Далил сифатида сони ва сифати ортиб бораётган илм даргоҳлари ва спорт иншоотларини келтиришимиз мумкин. Юртимизда фарзандлар соғлиги ва уларнинг комил инсон бўлиб етишишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Аммо ҳозирги кунда глобаллашув жараёни, “оммавий маданият” янги-янги ҳудуд ва минтақаларни, турли соҳалар, аҳоли қатламларини ўз домига тортаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айниқса, баъзи террорчи кучлар ёт ғоя, бузғунчи мафкураларини сингдириш, таъсир доираларини кенгайтириш мақсадида замонавий ахборот воситаларидан, ижтимоий тармоқлар имкониятларидан кенг фойдаланишмоқда.
Биз эса бу хуружлардан ёшларимизни ҳимоя қили­шимиз, уларнинг юксак маънавиятли инсонлар бўлиб камол топишларини таъминлашимиз зарур. Бу борадаги ишларимизда “Интернетга ин қурган “ўргимчаклар”, “ИШИД фитнаси”, “Интернетдаги таҳ­дид­лардан ҳимоя” каби китоблар муҳим қўлланмалар сифатида бизга катта ёрдам беради.
Тарбия, биринчи навбатда, илм-фанга, диний-миллий қадриятларимизга асосланмоғи, тўғри ташкил этилмоғи лозим. Тарбия тизимли ва мунтазам равишда олиб борилмаса, бундай «тарбия» фақат зарар келтиради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Аллоҳ таоло инсониятга раҳмат қилиб юборган. У зот барча инсоний фазилатларни зиёдаси билан жамлаган юксак ахлоқ соҳиби эдилар. Аллоҳ таоло бу хусусда: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам,4) деган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари ҳам: “Мен яхши хулқларни камолига етказ­моқ учун юборилдим”, дея марҳамат қилганлар. Фарзанд­ларга яхши тарбия бериш, уларнинг илм олишига эътибор қаратиш борасида бизга жуда кўп муборак ҳадиси шарифларда насиҳат қилганлар. Хуллас, фарзанд тарбиясида доимо покизаликка, гўзал одоб-ахлоққа ­эътибор қаратиш лозим. Албатта, фарзандларимиз келажагига мудом эътиборли бўлиб, уларнинг камолоти йўлида ҳеч нарсани аямаслигимиз керак. Зеро, муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек: “Фарзандга меҳр қўйиш, уларнинг қорнини тўқ, устини бут қилиш ўз йўли билан, лекин болаларни ёшлик чоғидан бошлаб миллий тарбия, ахлоқ-одоб, юксак маънавият асосида вояга етказиш биз учун доимо долзарб аҳамият касб этади”.
 

Ихволиддин ЗУҲРИДДИНОВ,
Избоскан туманидаги
“Аҳмадали ҳожи” масжиди имом ноиби