Оила – ота, она ва фарзандлардан иборат учлик асосида шаклланади. Оиланинг бахту саодати, камоли ва фаровонлиги, осойишталиги ана шу уч устуннинг бир-бирига бўлган  муносабатига, аҳиллигига, яхши тарбиясига боғлиқ.  Булар аҳил бўлмас экан, оила таназзулга юз тутаверади.

Шахснинг ижтимоий йўналиши асосини биринчи навбатда оилавий муносабатлар белгилайди. Ёш бола ниҳоятда кузатувчан, зийрак ва тақлидчи бўлади: катталарнинг барча ижобий-салбий хатти-ҳаракатларини кузатиб, уларнинг керакли, кераксизини ўзига бирдек сингдириб олаверади. Мутахассислар хулосасига кўра, ёшлар табиатан ижобий хислатлардан кўра салбий хусусиятларни тезроқ “юқтириб” олади.
Бола тарбиясига ёмон таъсир кўрсатадиган ҳолатлардан бири эр-хотиннинг жанжалларидир. Доимий нотинчлик бола асабини толиқтириб, тажанг қилиб қўяди. Бундай бола озгина назоратсиз қолса, ўзбошимчалик билан ғайритабиий ва ҳатто ғайриқонуний ишларга қўл уриши мумкин. Оила иқлими мўътадил, ёқимли бўлса, бола ҳар бир ишни ота-она билан маслаҳатлашиб бошлашга одатланади.
Ислом дини таълимотида инсонни тарбиялаш, айниқса, болаларга одоб ва ахлоқдан пухта таълим-тарбия бериш энг муҳим вазифалардан саналади. Чунки жамият аъзолари яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлишини орзу қилса-ю, аммо ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш болалар тарбияси ҳақида қайғурмаса, ниятлар сароб бўлиб қолади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди», деганлар (Имом Термизий ривояти).
Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” китобида ёзади: “Эмди очиқ маълум бўлдики, тарбияни туғилган кундан бошламак, вужудимизни қувватландурмак, фикримизни нурландурмак, ахлоқимизни гўзалландурмак, зеҳнимизни равшанландурмак лозим экан. Тарбияни кимлар қилур, қайда қилинур? – деган савол келадур. Бу саволга жавоб: “Биринчи – уй тарбияси. Бу она тарбиясидур”.
Онанинг илму маърифатли экани, дунёқараши кенглиги фарзандининг ақлий салоҳияти юксалишига асос бўлади. Чунки ундаги фазилатлар болага наслий ўтиши инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир.
Шу боис биринчи Президентимиз: “... чиндан ҳам, аёлларимизнинг оилада тутган ўрни беқиёс. Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар”,  – деганлар.
 Фозила аёл оилада фарзанд тарбиясига масъуллиги билан бирга, ота ва фарзанд ўртасида воситачи ҳамдир. У болага оиланинг устуни бўлган отани қадрлашни, ҳурмат қилишни, ота фикрига қарши бормасликни ва орада доимо масофа сақлаш лозимлиги каби одобларни ўргатади. Отага эса уларнинг талаб ва эҳтиёжини ўз вақтида билдириб туради. Оқила аёл фарзанди олдида турмуш ўртоғининг ҳурматини жойига қўяди. Ҳар бир ҳолатда отанинг салбий жиҳатларини фарзанддан яшириб, ижобий жиҳатларини намоён этиши лозим. Акс ҳолда ота-фарзанд ўртасидаги андиша меъёрлари бузилади. Шунинг учун момолар, оналаримиз отанинг ҳурматини юқорига кўтариб келишган. Бу – анъанавий тарбиянинг ўта муҳим хусусиятларидан бири. Отанинг ҳурмати юқори бўлган оилада тарбия топган болада қатъиятлилик, фидойилик, мардлик каби хислатлар кўпроқ учрайди. Қадимги Рим файласуфи Эпиктет: “Отанинг қаттиққўллиги – ажойиб дори: аччиғидан кўра ширини кўп”, деб бежиз таъкидламаган.
Отанинг қатъиятлилиги болани интизомга ўргатади. Интизомли бола меҳнатдан қочмайди, ўзига топширилган вазифани вақтида адо этади, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашади.
Ҳар бир ота-она келажакда орзу-ҳавасини кўриш ниятида фарзанд ўстиради. Агар миллий, диний қадриятларимизга амал қилган ҳолда таълим-тарбия беришса, фарзанд уларни орзу-ҳавасларига етказадиган, халқига ва жамиятга фойдаси тегадиган етук шахс бўлиб улғаяди.

Зайнилобиддинхон ҚУДРАТОВ,
Пискент тумани  “Мулла Бўта Қози”
жоме масжиди имом-хатиби