Зарифа жуда ғамгин бўлиб қолди. Босаётган қадамлари уни қаёққа бошлаётганига ҳам эътибор қилмас, ёруғ дунёси қоронғулашиб борар эди. Ҳаммани ўзидек ўйлагани учун, атрофдагиларга ишонарди. Нима қилган бўлса ҳам, одамларга фақат яхшилик истади. Самимияти суиистеъмол қилинганида, ишончи парчаланди. Балки унинг бу ҳолати бошқалар учун ўткинчи ва арзимас ҳодиса бўлиб кўринар, аммо унинг нафсига жуда оғир келди.

Шу алфозда узоқ юриб, бир ўриндиққа чўкди. Оппоқ булут ўрлаган осмонга тикилди, балки кўнглимга сокинлик кирар, деб ўйлади. Аммо юрагини сиқиб турган нарса ҳеч қўйиб юбормасди. Анча ўтирди, вақт ўтганини билмади ҳам. Бир онахон келиб ёнига жойлашганида, ўй-хаёлларини тўплашга уринди.

– Бунча паришонсан, қизим? Нима бўлди, хафамисан? – деб сўради аёл.

– Ассалому алайкум! Йўў-ўқ. Яхши, ҳаммаси жойида...

– Қизим, дард берган шифосини ҳам беради. Ғам-андуҳ, ташвиш, орзу ва қувонч кабилар инсонга хос неъмат. Биз учун муҳими дунё ва охират ўртасидаги мувозанатни барқарор ушлаш. Дунёда кулиб, охиратда йиғласак ёки бу дунёда хурсанд бўлиб, сўнгги манзилда доғда қолсак, яшашимиздан нима фойда? Кўнглимиз меҳмонхонага ўхшайди. Ундаги туйғулар – аламлар ҳам, шодликлар ҳам меҳмон. Ҳеч қачон уларни муқим санама. Ўткинчи ғамлар учун ҳасрат чекма, улар кетади. Бугун келган қувончдан ҳам ортиқ севинма, уларнинг бақоси йўқ. Шундай экан, ҳодисалар қаршисида ҳаддан ташқари қувониш ва фиғон чекиш ярамайди. Қизим, мусибатлар, чорасизликлар, бандани Раббига юзлантиради. Тилни зикрга ўргатади. Ҳаётда фақат орзу-хаёлининг ортидан чопган инсон ўзлигини йўқотади, ҳаддидан ошади ва одамларга ҳам қўпол муомалада бўлади...

Зарифа онахоннинг гапларини кўнглига малол олмай тинглади. Юзига боқиб, ҳузурга ўхшаш бир нарса топгандай бўлди ва ичидаги бор гапини тўккиси келди:

– Онажон, уни дўстим деб ўйлаган эдим, сирларимни, дардларимни унга ишонувдим...

Аммо онахон охиригача гапиришига қўймади:

– Қизим, ҳар неъматнинг бадали бор. Биз лойиқ кўрилган неъматлар катта бўлганимиз сари ўтайдиган ҳақларимиз ҳам ўшанга яраша бўлиб бораверади. Дўстинг сенга нима қилган бўлса, бир имтиҳон, холос. Бу ҳолатда қилишинг керак бўлган ягона нарса сабр ва Яратганга сиғинишдир. Неъмат ҳам Ўзидан, меҳнат ҳам...

– Аммо улар...

– Улар йўл беришмаяпти, деб умидсиз бўлма. Дўстинг ҳам яхши ниятли бир инсон. Лекин юрагида бир парда бор. У ҳаётининг ҳақиқатини ҳали ҳануз англамаган. Ҳақиқий ҳузур ва саодатни билмас балки. Шунинг учун самимиятингни тушунмаган ва бу сени хафа қиляпти. Ғам чекма, Худо хоҳласа, у ҳам тузалади. Биз гарданимизга тушганини қиламиз. Сабр этамиз. Гўзал ахлоқли бўлиб, ўрнак кўрсатамиз. Раббимизнинг тавфиқини сўраб сен ҳам дўстинг қалбидаги ғафлат пардасини эҳтиёткорлик ва ҳассос бир шаклда кўтаришга ёрдам бер.

– Жаҳл устида бир ҳаёсизлик қилишдан қўрқаман...

– Гўзал қизим, унутма, ҳар бир аёл-қизнинг энг қимматли бичимдаги либоси иффатидир. Аёллик шарафини фақат иффат соясида қўриқлаш мумкин. Динимиз бу масалага энг кўп аҳамият беради. Марям онамиз ҳаёси туфайли Қуръони каримда мадҳ этилиб, исми ўттиз тўрт жойда зикр қилинган. Бу шараф бошқа ҳеч бир аёлга насиб қилмаган.

Онахон Зарифа ҳомиладор эканини сезиб, юпатувчи оҳангда давом этди:

– Ҳозирги ҳолатингда ҳар бир нохуш ҳодиса сенга оғир ботиши мумкин. Аммо энг гўзал деб таърифланадиган аёлсан. Шу гўзаллик, айниқса, феълингга ярашади. Хотин киши ҳомилали бўлиш, кўзи ёриш, эмизиш, фарзанд тарбиялаш каби оғир, аммо шарафли ишларни кўтаради. Шу билан бирга, оилани саранжом-саришта қилади. Унинг бу фазилати, кенг меҳр-муҳаббати фақат имони, ҳаёси, сабри билан чуқур эҳтиром ва бир умрлик ташаккурга лойиқ. Динимиз аёлга берган эътибор-ҳурматни англаш учун унинг фитратини таҳлил этишнинг ўзи етарли. Аёллар эркаклардан фарқли яратилган. Ҳар икки жинснинг ўзига хос хусусиятлари ва заиф томонлари бор. Эркак киши жисм ва ақл тарафидан аёлдан устун бўлса, руҳий ва ҳиссий қувват жиҳатидан аёлнинг даражаси баланд. Мана шу бой ҳиссий дунёси сабаб фарзандини энг гўзал шаклда вояга етказади, тарбия қилади. Ҳасрат чеккан пайтларингда ҳазрат Марямга, ҳазрат Хадичага, ҳазрат Фотимага ва барча мўминлар оналарига эргаш. Қизим, ўрнингдан тургин-да, кечирим сўрайдиган яқинларинг бўлса, уларнинг олдидан ўт, сенда ҳақи борларнинг ҳақини адо эт, шунда қалбингдаги ғашликлар чекинади. Гапириб вақтингни олган бўлсам, рози бўл, болам...

Зарифа онахоннинг гаплари таъсирида ўзини қуш каби енгил ҳис қилди. Ортидан миннатдор кузатиб қоларкан: “Расулуллоҳ жаннат оёқлари остида бўлишини айтган оналар ҳар ҳолда шундай оналардир”, дея ўрнидан турди. Қалбидаги зулмат тобора чекиниб борар, ўрнини ёруғлик эгаллаётган эди.

Зебунисо ҲУСАЙН