Имом Ғаззолий беҳуда гапиришни тил офатлари қаторига қўшиб: «Сўзларингдан бирор фойда кўзланмас экан, вақтингни зое қилган бўласан, беҳуда нарсаларга тилингни ишлатганинг учун ҳисоб берасан. Беҳуда сўзларга сарфлаган вақтингни фикр қилишга сарфлаганингда эди, Аллоҳнинг раҳмати бошинг узра ёғилган бўлар эди. Агар бефойда сўзлар ўрнига яккаю ёлғиз Парвардигорингни “Ла илаҳа иллаллоҳ”, “Субҳоналлоҳ” деб ёд этганингда, сенга кўп яхшиликлар етарди», деганлар.

Бугун беҳуда сўзлар билан ўзининг ҳам, суҳбатдошининг ҳам вақтини зое қилаётганлар, афсуски, йўқ эмас. Беҳуда сўз деганимизда кишининг на дунёсига ва на охиратига фойда берадиган сўзларни назарда тутмоқдамиз. Демак, бир инсон тўғрисида ғийбат, ёлғон, чақимчилик, иғвогарлик, масхара қилиш, камситиш каби гап-сўзлар беҳуда сўзлардир. Беҳуда сўзлаш билан киши гуноҳкор ҳам бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларга тилни Ўзининг зикри ва шукрини адо этиш учун, хайрли ишларга бошлаш, ўзгалар билан чиройли муомалада бўлиш учун ато этган. Ўринсиз гапларни сўзлаш кишининг солиҳ амалларини ҳавога совуради. Инсон тил орқали ўзига бу дунёда ва охиратда фойда берадиган улкан савобларни қўлга киритиши ёки аксинча, ўзи ва бошқа инсонларга фойдасиз сўзларни сўзлаши билан охиратда надомат ва ҳасратда қолиши мумкин. Оғизга келган сўзни ақл мезонида тортмай гапиравериш ярамайди. Зеро, тилининг устидан ҳукмрон бўла олган кишини шайтон васваса қилолмайди. Бировлар билан фойдасиз нарсалар борасида мунозара қилиб, сўзамоллигидан фахрланиш эса жоҳил кимсаларнинг одатидандир. Қолаверса, вақт – мўминнинг сармояси. Уни қанчалик беҳуда нарсаларга сарфласа, у билан охират савобини ғамламаса, сармояси куяди. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Кишининг беҳуда нарсаларни тарк қилиши унинг гўзал мусулмон бўлганидандир” (Имом Термизий ривояти).

Тил инсоннинг зийнати дейилади. Мусулмон киши бир гапни сўзлашдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриши лозим. Бу бир парча гўшт сабаб атрофдагилар меҳрига сазовор ёки нафратига мубтало бўлиш ҳеч гап эмас.  Агар айтиладиган сўз хайрли бўлиб, инсонларни яхшиликка ундаса, сўзлаган маъқул.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ зикридан бўлмаган гап­ларни кўпайтирманг. Чунки Аллоҳ зикридан ташқари гапларни кўп гапириш қалбни қотиради. Аллоҳ таолодан энг узоқ банда қалби қаттиқ кимсадир”, деганлар (Имом Термизий).

Аллоҳ таоло берган тил неъматини қадрлаб, уни Ўзи рози бўладиган сўзларга ишлатиш лозим. Яхшиликка далолат қилувчи, ёмонликдан қайтарувчи ҳикматга бой сўзларни гапириб, унинг акси бўлган беҳуда сўзлардан тилни тийиб, ҳаёт кечирсак, неъмат шукрини адо этган бўламиз.

Манбалар асосида
Дилфуза РАҲИМЖОН қизи
тайёрлади.