Ёшлик чоғи инсон шахсияти шаклланадиган давр бўлиб, ундаги кичкина бир тойилиш ҳам келгуси ҳаётда қаттиқ янглишишларга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳар бир жавҳарга ишлов бериш учун унинг етилган, энг мувофиқ пайтини билиш ва бу дамдан унумли фойдаланиш унинг қимматбаҳо тошга айланишига сабаб бўлади. Ҳар бир ота-она фарзандининг нафақат ўзи, балки бутун жамият учун керакли, қимматбаҳо олмос каби қадрли бўлишини истаса, болага тарбия бериладиган йилларни зое кетказмаслиги лозим.

Имом Ғаззолий айтади: “Инсон асалнинг муми кабидир. Тарбия билан унга чиройли ёки хунук – исталган шаклни бериш мумкин”.

Тарбиянинг энг муҳим палласи бу илк болаликдир. Ота-онанинг оғзидан чиққан ҳар бир калима, улар кўрсатган ҳар ҳолат, ўзини тутиши бола шахсиятининг пойдеворига қўйилган тамал тошидир. Ота-онанинг қалби эса бола таълим оладиган илк “мактаб”дир.

Фарзанд ота-онасидан ўрганган яхши, чиройли хислат, тартиб-қоидалар бора-бора гўзал ахлоққа айланади. Аксинча, атрофдаги салбий ҳолатлар, одатлар ҳам бола қалбига ўрнашиб, илдиз отади. Шу тариқа яхши ёки ёмон одатлар инсон характерида ўз аксини топади, оиласида касб этган одатлар унинг руҳиятида абадий сақланиб қолади.

Шахсият ва характернинг шаклланишида наслдан ўтган хусусиятларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Бобою бувидан, ота-онадан ўтган хусусиятларга кўра, ака-ука, опа-сингиллар орасида ҳам жисмоний, руҳий қобилият ва истеъдодда фарқлар бўлиши мумкин. Унутмаслик лозимки, бу хусусиятларнинг барчасини таълим ва тарбия ёрдамида яхшиликка йўналтириш лозим.

Икки хил мерос бор: бири моддий, уни ворислар яхшиликка ишлатадими, ёмонликками – номаълум. Яна бири эса маънавий – авлодларга қолдирилиши лозим бўлган энг асосий мерос ана шу.

Ҳар бир ота-она ўз авлодига қолдириши мумкин бўлган энг буюк мерос унинг абадий ҳаётини маъмур этадиган маънавий бойликдир.

Бундай маънавий мерос соҳиби бўлган болалар моддий меросни ҳам фақат хайрли йўлларда сарф этадилар. Қўлидан, тилидан ва дилидан барчага наф етади.

Шу сабабли ҳам биз фарзандларимиз тарбиясига ўз вақтида аҳамият беришимиз, уларнинг покиза қалбларига энг гўзал ахлоқларни жойлашимиз лозим.

Унутмаслик лозимки, ота-оналар ўзларидаги фазилатларни болаларида акс эттира олмасалар, фарзандлар яхши тарбияли шахс сифатида шакллантирилмас экан, ташқи омиллар таъсирига тушиб қоладилар ва “атроф-муҳитнинг фарзанди”га айланадилар...

Демак, вақтни ғанимат билиб, фарзанд тарбиясига жиддий аҳамият қаратиш бурчимиздир. Бу борада шундай жидду жаҳд қилайликки, кейинчалик афсус-надомат чекмайлик, болаларимиз ҳамма учун қимматбаҳо олмос каби қадрли бўлсинлар.

Манзура МАМИРОВА,
Марҳамат туманидаги 4-мактаб ўқитувчиси