Фарзандларимизни мустаҳкам эътиқодли, Ватанига садоқатли қилиб вояга етказиш долзарб вазифаларимиздан биридир. Зеро, ахборот алмашинуви юқори бўлган жамиятда яшаяпмиз.  Айниқса,  ёш авлодни бугунги дорул­омон, тинч-осойишта кунларнинг қадрига етиб, шукр қилиб яшашга ўргатишда ҳаёт тажрибасига эга бўлган кексаларнинг ўгитлари жуда асқотади. Ана шундай инсонлардан бири  Зиёвуддин ота Мавлоновдир. У киши 1948 йили Тошкент шаҳрининг Кўк масжид даҳасида таваллуд топган. Зиёвуддин ота узоқ йиллар ўз хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб, эл-юрт ривожига ўз ҳиссасини қўшди. Эл корига ярайдиган фарзандларни тарбиялаб, вояга етказди...
Бугун ана шу меҳнатларининг роҳатини кўриб, фарзандлари, невара-чеваралари даврасида қарилик гаштини сурмоқда...
Зиёвуддин отанинг юрт равнақи,  халқ манфаати учун куюниб айтган фикрлари сизни бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.

Оила – муқаддас қўрғондир. Уни асраб-авайлаш эрнинг ҳам, хотиннинг ҳам бурчи ҳисобланади. Зеро, оилада келажак эгалари бўлган ёшлар камол топади. Шунинг учун ҳам оилада тартиб-интизом, тарбия масалаларига, айниқса, фарзандларнинг одоб-ахлоқига катта эътибор бериш лозим. Чунки бола нав­ниҳол. Уни қай тарафга йўналтирилса, ўша ёққа эгилади. Шу сабабли унинг мурғак қалбига гўзал фазилатларни сингдирган ҳолда  тарбия қилиш лозим.

Доно халқимиз “Қуш уясида кўрганини қилади...”, деб бежиз айтмаган. Шундай экан, ҳар бир ота-она ўзининг гўзал хулқи ва албатта юксак меҳри билан болалари учун ибрат мактабини ўташи шарт. Шу билан бирга ҳаёт ташвишлари, тирикчилик ғамлари уларни бола тарбиясидан бир лаҳза ҳам чалғитмаслиги керак. Зеро, маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деган эди. Бундан англашиладики, тарбия масаласи барча замон ва маконда катта эътибор ва масъулият талаб этади.

Фарзанд тарбиясида, аввало, ота-она бир-бирига меҳрибон, оқибатли, ширинсўз бўлиши лозим. Оиладаги муаммоли масалаларни болалар олдида эмас, ўзлари алоҳида ҳал этишлари керак. Турмуш, рўзғор ташвиш­лари камчиликсиз бўлмайди, албатта. Лекин бундай муаммолар босиқлик ва тадбиркорлик билан ечилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Шунингдек, фарзандларни ёшлигидан меҳнатга ўргатиш, уй юмушларини ҳам ўзлари қилишига одатлантириш керак. Албатта, бу эътибор, меҳнат ва машаққат бир кун келиб ўзининг мевасини беради. Улар вояга етиб, оилали бўлгач, ҳаётларининг фаровон бўлишига замин яратади.

Ҳар бир ота-она фарзандини тарбиялар экан, уларни касбу корли, ўқимишли бўлишига жиддий эътибор қаратади. Тўғри, касбнинг, билимнинг ҳаётда ўрни беқиёс. Бироқ унутмаслик лозимки, фарзандларимиз ким бўлишидан қатъи назар, аввало, яхши инсон бўлсин. Уларни шундай тарбия қилайликки, юртимизда ҳукм сураётган осойишталикнинг қадрига етиб яшайдиган, маърифатли бўлиб етишсинлар. Таъкидлаш жоизки, маърифат инсон ҳаётини яхшиликларга буркайди. У умрининг ҳар бир сонияси учун шукр қилади. Ҳар қандай вазиятда қаноатли ва сабр­ли бўлади. Бу фазилатлар инсон ҳаётини тинч, қалби ҳаловатда бўлишини таъминлайди.

Шу билан бир қаторда, ҳар бир фарзандга тили билан бировга озор бермаслик, ўзида бор нарсаларни барча билан баҳам кўриш, яхши ва ёмон кунларда қўни-қўшни, ёру дўсти ёнида камарбаста бўлиб туриш каби ўзбек халқининг азалий қадриятлари ҳисобланган гўзал одатларга ҳам одатлантириш керак.

Ҳолбуки, тинчлик неъматини билмаслик, уни қадрламаслик қалб кўрлигидан далолатдир. Осойишта шаҳримизда ёки қиш­лоғимизда бўлсин, эмин-эркин, ҳеч қандай хавф-хатарсиз яшашимиз, ўғил-қиз, набираларимизни ишга, ўқишга хотиржам жўнатишимиз Яратганнинг бизга берган улуғ инъомидир. Бу неъматни сақлаш учун биз катталар доимо ёшларга, ўсиб келаётган авлодга намуна, ибрат бўлишимиз керак. Юртини севган одам тинчликни сақлаш йўлида хизмат қилишга қодир бўлади. Зеро, Ватанни мардларгина ҳимоя қила олди.

Илоҳим, юртимиз тинч, дас­турхонларимиз тўкин-сочин бўлсин, мустақиллигимизга кўз тегмасин!

Даврон НУРМУҲАММАД
ёзиб олди.