Ибн Ҳажар Асқалоний “Фатҳул Борий фи шарҳи Саҳиҳил Бухорий” асарида бундай ёзади: “Одоб мақтовга лойиқ сўз ва амалдир”. Баъзилар уни гўзал хулқлар жамланмаси, гўзал хулқ эса ўзингдан каттани улуғлаб, кичикка меҳр кўрсатишдир, дейишган. Одоб тушунчасининг моҳияти бир ёки бир неча сўзлар билан чегараланмайди. Балки ҳар бир қилинадиган ишнинг ўз одоби бор.

Шу сабабли бир неча яхши ишларни қилиб юриб “одобли” саналган киши вақти келиб биргина ноўрин ҳаракати оқибатида “одобсиз” дейилиши мумкин. Демак, фарзандларининг одоби комил бўлишини истаган ота-она­нинг ўзи ҳар жиҳатдан ахлоқий меъёрларга риоя қилмоғи керак. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Болаларингизга одоб беринглар ва хулқларини чиройли қилинглар”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Бунинг учун юртимизда ота-­она, маҳалла, таълим даргоҳлари болалар тарбиясига жиддий эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов: “Ватанимизнинг келажаги, халқимизнинг эртанги куни, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-­эътибори, авваламбор, фарзандларимизнинг униб-ўсиб, улғайиб, қандай инсон бўлиб ҳаётга кириб боришига боғлиқдир. Биз бундай ўткир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак”, деган эдилар.

Тарихдан аёнки, бола тарбия­сининг пойдевори мустаҳкам бўлишида миллатнинг азалий қад­риятлари, миллий урф-одатлари, маданият ва маънавияти алоҳида аҳамият касб этади. Шу сабабли мўътабар меросларини сақлаб қолиш, уларни оиладаги тарбия жараёнида янада юксалтириш зарур.

Неча йиллардирки, Ғарбдаги миллийлигимизга ёт бўлган бемаъни унсурлар “оммавий маданият” ниқоби остида кириб келмоқда. Шарқ мамлакатлари аҳолисининг аксарият қисми ғарб­ликларнинг “маданияти”га тақлид қилаётгани ғоят ачинарлидир. Чунки “оммавий маданият” ниқоби остидаги турли иллатлар, кўзга кўринмас вайронкор ва буз­ғунчи ғоялар ҳаётимизга, дунёқарашимизга, онг-шууримизга ва ҳатто турмуш тарзимизга мутлақ зид бўлгани боис жамиятимизга салбий таъсир кўрсатади. Чунки биз кўзда тутган оломон маданияти ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарғиб қилаётгани тобора аён бўлиб бораётир. Бу “маданият” маънавиятимизга – келажагимизга таҳдид солмоқда, ота-боболаримиз “қора” деган нарсаларни “оқ”, “оқ” деган нарсаларини “қора” деб уқтирмоқда. Ёшларимизни одоб-ахлоқ меъёрларидан чалғитиб юборишга уринмоқда.

Шундай экан, бу таҳдидга қарши тадбирли бўлиб, фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол, одобли, ақлли, ота-онасига итоат қилувчи, элу юрт, халқимиз ва Ватанимизнинг корига ярайдиган юксак маънавиятли инсонлар қилиб тарбиялаш бизнинг энг муҳим вазифамиз эканини асло унутмайлик.

Ҳошимжон АСҚАРОВ,
Тошкент шаҳридаги
“Катта Қозиро­бод” жоме
масжиди имом ноиби