Ҳижрий ўнинчи аср олимларидан Абу Баракот Ғуззийнинг “Овқатланиш одобига зид одатлар” китоби ўзбек тилига ўгирилди.  Овқатланиш одо­­бига зид бўлган хунук одатлар бирма-бир санаб, изоҳлаб берилган бу рисола “Мовароуннаҳр” наш­риётида чоп этишга тайёрланмоқда. Қуйида асар­дан парча эътиборингизга ҳавола этилди.
 

Ал-ҳаккок – таом ейишдан олдин боши ёки баданини қашлайдиган киши.

Шундай ҳикоя қилинади: “Бир киши халифа Маъмун билан биргаликда қўлини ювди. У таом ейиш­дан олдин қўли билан боши­ни қашлади, сўнгра таомга қўлини узатди. Шунда халифа Маъмун унга: “Қўлингни қайтадан юв”, деб амр қилди. У қўлини қайтадан ювди. Маъмун унга: “Қўлни ювиш таомга яқин бўлади”, деди.

Ал-мубаллиғ – оғзидаги луқмани яхши чайнамай ютиб юборадиган киши.

Бу одобсизлик ва очкўзлик белгиларининг энг ёмони бўлиши билан бирга икки жиҳати билан соғликка зарар қилади:

1) Агар таом чайналмаса, озуқа ва қувват жиҳати озроқ бўлади;

2) Яхши чайналмаган нарсани ҳазм қилиш ошқозонга ортиқча юкдир.

Ал-мубаъбиъ – таом еб турган чоғда гапиришни хоҳлаб, луқмани ютишга сабр қилмайдиган киши.

Лекин у чайнаётганда гапирса туяга ўхшаб валдирайди. Айниқса, луқмани каттароқ олганида унинг гапига сира тушуниб бўлмайди. Бу ҳам одобсизлик белгисидир.

Ал-муфарқиъ – луқмани чайнаган пайтида лабларини юммай, чапиллатиб ейдиган киши.

Оғиз четларининг товуши уйи­нинг эшигидан, ҳатто ҳовлисида эшитилиб туради. Кўпинча овқат оғзининг четларидан ҳар ёнга сачрайди. Аслида, таом чайнаганда сасини ҳатто ёнидаги товоқдоши ҳам эшитмаслиги таом ейишнинг муҳим одобларидандир.

Ал-муъарриз – дастурхонга тортилмаган таомларни зикр этиш орқали уй эгасига таъна қиладиган киши.

Албатта, бунда дастурхонга тортилган емишларни оз санаш­лик бордир. Аммо уй эгаси мазкур таомни ҳозирлашга қудрати етмаса, унга оғирлик қилади.

Шунингдек, агар тортилган таом озроқ бўлса, уй эгасининг қозонида ортиқча таом бўлмаса, бундан хижолат чекади.

Ан-наффоҳ – иссиқ луқмани тановул қилишдан олдин совутишни истаб пуфлайдиган киши.

Таом тановул қилишда ейиш мумкин бўлгунча таомнинг совишини кутиш лозим бўлади.

Ал-муҳмил – ёнидаги кишиларнинг риоясини қилмайдиган киши.

Одоб эса, ўзи яхши кўрадиган нарсаларни шеригига илиниш, ичимлик тановул қилганда ўзидан олдин шеригига таклиф қилишдир.

Ал-малқув – луқмани катта қилиб ейдиган киши.

Унинг юз суяги четдан қараганда мисли катта ёриққа ўхшайди ва шу боис юзи фалаждек бўлиб кўринади. Агар у луқмани катта қилиб еса оғзи тўлиб, икки чаккаси шишади. Аммо одоб эса, луқмани кичик­роқ олиб, суннатга амал қилишдир.

Ал-актаъ – узрсиз фақат бир қўли билан овқат ейдиган киши.

Нонни синдирганда, ушатганда бир қўли билан букади ёки тирноқлари билан майдалайди.

Ал-муҳаддис – жавоб қайтариш талаб қилинадиган узлуксиз суҳбати билан овқатланувчиларни машғул қиладиган уй эгаси.

Бу одати ила одамларни ейишдан чалғитади. Аслида, бу иш хасислик саналади. Аммо мезбоннинг жавоб беришни талаб қилмайдиган сўзни гапириши меҳмон учун яхшироқдир.

Ақлли киши булардан ибрат олиб, ўзини овқатланишдаги хунук одатлардан сақлайди.

Ҳар бир хонадонда кундалик дастурхон атрофида эъти­бор қаратиш, олдини олиш, йўқо­тиш чораларини кўриш лозим бўл­ган хунук одатлардан ўзимизни, фарзандларни асрашда бу китоб яқин ёрдамчи бўлади, деб ўйлай­миз.

Арабчадан "Фахриддин ар-Розий" ислом билим юрти ўқитувчиси
Муҳаммадсиддиқ СОДИҚЖОН ўғли
таржимаси