Аз-зожиф – бостириб борувчи. Таом келган пайтда жамоатдан олдин дастурхонга шиддат-ла бостириб борадиган киши. Кўпинча таом барчага тўлиқ келтириб бўлинмайди ёки уй эгаси ҳали келишини кутаётган меҳмонлар бўлади. Агар меҳмонлар дастурхонга таом тортилгани устига келсалар, ҳақиқатда у ўзининг очкўзлигини кўрсатади.

Ал-мутасоқил – дангасалик қилувчи, истар-истамас. Чақириққа ижобат қилади, унинг ўз сўзига вафо қилишига ҳамма ишонади. У эса кутилаётган чақириқдан кечикади, бу билан уй эгаси ва биродарларини оч қолдириб, уларни қийнаб қўяди. Қуйидаги ҳадис чақирувчига ижобат қилиш ва кечикишни тарк қилиш борасида келган: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким таомга чақирилса, ижобат қилсин, агар оғзи очиқ бўлса есин, агар рўзадор бўлса намоз ўқисин”, дедилар».

Ал-мудаммиъ – кўз ёш тўкувчи. Иссиқ таомни совигунча сабр қилмай тановул қилувчи бундай киши луқмани шошиб тановул қилади, таом иссиқ-совуқлигини ўйламайди, натижада оғзи куйиб икки кўзидан ёш оқади. Кўпинча луқмани оғзидан қайта чиқаришга мажбур бўлади ёки ошқозонини куйдиришдан қўрқиб, совуқ сув билан ютиб юборишга мажбур бўлади.

Ар-рашшоф – қултиллатиб ютувчи. Луқмани оғзига солгач, қултиллатиб ютадиган киши. Ютаётган пайтида атроф­дагиларга махфий қолиши керак бўлган товуш эшитилади. Натижада ноқулай ҳолат юзага келади.

Ал-латтоъ – ейишни тугатмасдан олдин бармоқларидаги таомнинг юқи ёки ёғини ялайдиган киши. Бармоқларини ялагач, таом ейиш учун яна қўл узатади. Аммо таом еб бўлгандан кейин бармоқларни ялашнинг зарари йўқ, балки суннатдир.

Ал-оиб – таомнинг баъзи камчиликларини айтиб, айб­лаб, танбеҳ берадиган киши. Хусусан у: “Қовурилган гўшт ку­йибди ёки буниси яхши қайнатилган, бу овқатнинг тузи кам, озроқ нордон ёки ширин”, каби гапларни айтади.

Ал-фузулий – ортиқча, чақирилмаган меҳмон. У тансиқ таомни кўрса, ўзини тутиб туролмасдан, ҳатто икки қўли билан уни тановул қилиб, бўлак-бўлакка ажратиб ташлайдиган кишидир. У ўзича меҳмонларга хизмат – яхшилик қилаётгандек гумон қилинади. Аслида, бу ҳол мезбонга оғир ботади. Ундай қилиш таомланишдаги айблардандир. Негаки, бу ишни қилувчи кишининг мақсади ўзининг олдига таомнинг яхши қисмини қўйишдир. Одоб эса, кўпчилик ейдиган нарсани фақат ўз таъбига мослаб бўлмасликдир.

Ал-мусобиқ – оғзидаги луқмани чайнашдан олдин қўлида яна бир луқмани ушлаб турадиган киши. Унинг оғзи чайнаш­дан ҳеч бўшамайди, қўли эса емишдан холи бўлмайди. Унинг кўзи ҳамиша бошқа луқмада, бу ҳам очкўзликдир.

Ас-сомит – жим турувчи. Сўзга оғиз очмасидан ейишга киришадиган, фақат чайнаш ва ютиш билан машғул бўладиган киши. У луқмани тез-тез олади ва тановул орасини узмасдан кетма-кет оғзига солаверади. Бу ҳам очкўзликдандир.

Ал-муҳтамий – ўзини четга тортувчи, парҳез қилгувчи. У луқмани жуда кичкина қилиб оладиган ёки луқмадан узоқроқ ўтирадиган уй эгаси. Шунинг­дек, у парҳезнинг фазилати, фойдасидан ҳикоялар айтади ёки хасталикдан арз қилаётган кишининг гўёки парҳез сабабли тузалишига ишора қилади. Бас, у аслида бахиллик қилувчидир.

Ал-мултафит – айланувчи. Бундай киши таом келтириладиган тарафга гўёки яна бошқа таомни кутаётгандек тез-тез қарайверади. Агар таом ейи­либ, идишлар дастурхондан олинса, худди тўймаган кишидек товоқларни нигоҳи билан кузатади.

Ал-муҳаддис – сўзловчи. Жавоб қайтариш талаб қилинадиган узлуксиз суҳбати билан овқатланувчиларни машғул қиладиган уй эгаси. Бу одати ила уларни ейишдан чалғитади. Аслида, бу иш хасислик саналади. Аммо дастурхон соҳиби жавоб беришни талаб қилмайдиган сўзни гапириши меҳмон учун яхшироқдир.

Ан-нассор – сочиб юборувчи. Оғзида луқма бўлган ҳолда қаҳқаҳа отиб, оғзидаги чала чайналган луқмани ёнида ўтирганларга кўрсатадиган ва чайналган нарсаларни сочиб, тўкиб юборадиган киши.

 

Арабчадан "Фахриддин ар-Розий" ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси Муҳаммадсиддиқ ҲОШИМЖОН ўғли таржимаси