Инсон кўнгли шу қадар мураккаб ва нозикки, у ўта сезгир ва сирли мўъжизадир. Гоҳ у баъзи нарсани олдиндан сезади. Баъзан сира кутилмаган воқеалар шарпасини олисдан пайқайди. Шундай дақиқаларда одам ваҳимага тушиб, қаттиқ изтироб чекади.

Носиржонда бирдан ана шундай ҳолат рўй берди. Кўнгли беҳузур бўлиб, аъзойи баданини титроқ босди. Хаёли уни турли ёқларга олиб қочди. Тўсатдан уйи ва болалари ёдига келиб, хавотирга тушди. Зудлик билан стол устидаги телефон гўшагини кўтариб, уй рақамини тера бошлади. Қўнғироғига жавоб бўлмагач, хавотири янада ошди.

Шошилганча ишхонасидан чиқди-да, уйи томон югурди. Яхшиям иш жойидан уйи узоқ эмас. Оралиқ уч-тўрт чақиримли масофа, холос. Шу боис у уйи­га тезда етиб келди.

У хонага кирганида етти ёшли қизи Дилафрўз ерда беҳуш ётар, бир кўзидан қон оқаётган эди. Сал нарида эса тўрт ёшли ўғилчаси Абдурауф уст-боши шалаб­бо ҳолда қимир этмай ётарди.

Носиржон бу мудҳиш воқеа­ни кўриб, бир муддат карахт бўлиб қолди...

Носиржон хотини Зилоланинг кўнглини олиш, уни хурсанд қилиш учун унга замонавий телефон олиб берди-ю, боши балога қолди. Туну кун хотини ўша телефонга боғланди-қўйди, юрса ҳам, турса ҳам ундан бир зум айрилмайди. Қайнота-қайнона хизмати, фарзанд тарбияси, уй юмушлари ўлда-жўлда. У ижтимоий тармоқларда ҳали у дугонаси, ҳали бу дугонаси билан мулоқотга киришиб, кунни кеч қиладиган бўлиб қолди.

Ўша куни ҳам Зилола ижтимоий тармоқдаги мулоқотларга шундай берилиб кетдики, уйда назоратсиз қолган икки фарзанд мудҳиш фожиага йўлиқди. Кир ювиш учун газ плитасига қў­йилган челакдаги қайноқ сув тўрт ёшли ўғилчаси Абдурауфнинг устига ағдарилиб кетди. Унинг дод-войини эшитиб, ичкаридан отилиб чиққан етти ёшли қизи Дилафрўзнинг кўзига мих кириб кетиб, бир кўзидан айрилди. Зилоланинг интернетга мубтало бўлиши натижасида икки бегуноҳ гўдак бир умрга мажруҳ бўлиб қолди...

Бугун Носиржоннинг ота-­онаси, қариндош-уруғ­лари қалбини бир умрлик қайғу чулғаб олган. Бу дил изтиробини ҳеч қандай жазо билан ювиб бўлмайди. Улар эл олдида, маҳалла-кўй олдида бошлари эгик. Виждон азоби уларнинг юрагини ич-ичидан кемирмоқда...

Табиийки, бу мудҳиш воқеада ким айбдор деган ҳақли савол туғилади. Хотинининг кўнг­лини олиш учун унга телефон совға қилган Носиржонми? Ёки ижтимоий тармоқлардаги беҳуда мулоқотларга муккасидан кетган Зилолами?

Ҳа, Зилола иродасизлик қилмаганида, қимматли вақтини интернетга беҳуда сарф қилиш билан ўтказмаганида, болаларини бағрига олиб, уларга ғамхўрлик кўрсатганида бундай хунук ҳолат рўй бермасди.

Ушбу нохуш воқеа кўпчиликка ибрат, сабоқ бўлади, бунга ўхшаш фожиаларга асло йўл қўйилмайди, деб умид қиламиз.

 

"Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя" китобидан.