Ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатмоғи лозим. 
 
Ислом дини таниган ва танимаган ҳар бир кишига салом беришни тарғиб қилиш билан бирга, саломга чиройли алик олишни ҳам буюради. Салом бериш суннат, алик олиш  вожибдир. 
 
Фарзандлар эга бўлиши лозим фазилатлардан бири омонатдорликдир. Зеро, омонатдорлик жамият асосларидандир. Фарзандларимизни бировларнинг ҳақига хиёнат қилмайдиган, ишончли ва омонатдор қилиб вояга етказиш ота-онани ҳам, болани ҳам икки дунё саодатига етаклайди.
 
Ваъдага вафо мақталган, улуғ сифат­­­лар­­­­дан­дир. 
 
Ривоят қилишларича, ҳазрат Исмоил (алайҳиссалом) дўсти билан бирга борар эди. Бир уй эшигига етганларида, дўсти: «Эй Исмоил, бу менинг уйим, бир оз юмушим бор. Кириб, ишимни саранжом қилиб чиққунча, сен шу ерда тур», деди. Исмоил (алайҳиссалом) бу илтимосни қабул қилиб, ташқарида қолди. Киши уйига кириб, айтган ишини битирди, аммо ҳазрат Исмоилни унутиб қўйди. Уйининг яна бир чиқиш йўли бор эди. Одам ундан чиқиб, бошқа томонга равона бўлди. Алқисса, уч кун ўтгандан кейин у киши уйига аввалги тарафдан келди. Қараса, ҳазрат Исмоил (алайҳиссалом) эшиги олдида интизор ўтирибди. Сўради: «Жаннат дарахтининг меваси ва миллат отасининг ўғли, бу ерда нима учун ўтирибсан?» Исмоил (алайҳиссалом) жавоб берди: «Мени шу ерда ваъда билан ўтирғизиб эдинг, шунга кўра, қайтиб чиқишингга кўз тутиб, ҳозиргача ўтирибман». У киши яна сўради: «Кечикканимдан кейин ҳам нима учун туриб кетмадинг?» Ҳазрат Исмоил деди: «Сен келгунингча туришга ваъда берган эдим. Сўзимга қарши боришни раво кўрмадим. Агар йиллар ўтиб келмасанг ҳам, шу ерда ўтираверар эдим». Шундай фазилатларга эга бўлгани учун Ҳақ таоло Қуръони каримда Исмоил (алайҳиссалом)ни «Ваъдасида содиқ турувчи», деб мақтаган.
 
Яхши сўз муваффақият калитидир. Яхши, мулойим гапириш инсонни ўз яқинлари ва бегоналар орасида маҳбуб қилади. 
 
Яҳё ибн Муъоз Розий айтади: “Мулойим сўз яхшидир. Унинг яхшилигидан ҳам яхшиси унинг маъносидир. Маъносидан ҳам яхшиси унинг қўлланишидир. Қўлланишидан ҳам яхшироғи унинг савобидир. Савобидан ҳам афзали унга амал қилган кишининг розилигидир”.
 
Юртимиз уламолари ўз асарларида фарзандининг одоби чиройли бўлишини истаган ота-онага бундай маслаҳатлар беришган:
 
– фарзандингизга одамлар билан муомалада ширинсўз, мулойим, босиқ, ҳалим ва камтар бўлишни уқтиринг. Уни катталарни ҳурмат-эҳтиром, кичикларни иззат-икром, қилишга ўргатинг;
 
– одамлар хурсандчилигидан суюниш, ғам-андуҳидан қайғуриш, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир. Шунинг учун фарзандингизга ана шу хислатларни болаликдан сингдириш пайида бўлинг;
 
– дилбандингизга одамлар билан муо­мала чоғида бошқаларни ғийбат қилиш, суҳбатдошини камситиб, камчилигини юзига солиш, ўзгаларни менсимаслик, обрўси, бойлиги ёки мансабига қараб муносабат кўрсатиш гуноҳ ва одобсизлик эканини уқтириб боринг;
 
– ёши улуғ кишилар, устозлар, илм аҳллари билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларига жавоб қайтариш, буйруқларини сидқидилдан бажариш, хизматларига доим шай туриш каби яхши одатлар болаларнинг фазилатига айланишига эътибор беринг.
 
Аҳмадхон АЛИМОВ,
Тошкент ислом университети 
Исломшунослик илмий тадқиқот 
маркази илмий ходими