Енгил машинанинг очиқ орқа эшиги олдида турган аёл ёнидаги боласига: 
 
– Орифжон, тезроқ чиқ машинага, – деб  ундар, уч ёшлардаги ўғилча эса худди бир ишга тараддудланган-у, лекин бошлай олмаётган каби  гоҳ у оёғини, гоҳ бунисини кўтариб, нимадандир кўнгли тўлмай, инжиқлик қилар­ди. 
 
Бу ҳол бекатдагиларнинг диққатини тортаётганидан хижолат бўлган аёл даст кўтариб машинага чиқармоқчи эди, боласи:
 
– Ўнг оёғим билан... ойижон, тўхтанг, бобом айтганлар-ку, олдин ўнг оёқни қўйиб чиқиш керак, – деб  машина эшигига қўл­ларини тиради. Шунда онаси уни тушуниб кулимсиради. Боласининг ҳозирги ҳолатида машинага аввал чап оёқни қўйиб чиқиш ўнғай бўлса-да, аёл  бобосининг ўгитини қулоғига қуйиб олган ўғилчасининг дастлаб ўнг оёғини қўйиб машинага чиқишига ёрдам берди...
 
Атрофдагиларнинг айримлари юзига табассум индирган бу воқеа сабаб бўлди-ю, мен ўзим кутаётган йўловчи автобус кел­гунича тўхтаб ўтаётган эшиклари кенг очила­диган, зиналари қулай  автобусларга чиқаётганларни кузата бошладим: кўпчилик зинага аввал чап оёғини қўйиб чиқарди... Кўриниб турибди, улар бирор иш-ҳаракатни ўнг томондан бошлашнинг фазилатлари, ҳикматини билишмайди ёки билишса ҳам, унга амал қилишмайди. Қулоғимда ҳалиги кичкинтойнинг “Ўнг оёғим билан!” деган талабчан овози жаранглаб турибди. Ҳаётий тажрибалар сабоғидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бола қалбига ҳозирдан чиройли қилиб сингдирилган бу одат катталарнинг изоҳу эътибори, рағбатлантириши билан кун, ой, йиллар сайин мустаҳкамланиб борса, бир умрлик кўникма, малака бўлиб қолади. Ҳар бир ишни “Бисмиллоҳ” билан ўнг тарафдан бошласа, Аллоҳ унинг ниятлари, ишларининг самарасини ўнгидан бериб, бу ихлосини мукофотлайди, иншоаллоҳ. Зеро, “ёшликда билгани – тошга ёзгани”.
 
Гулгун УСМОНОВА