Эр киши истибро қилиши лозим, яъни одатига кўра: юриш билан, ё йўталиш билан, ёки чап тарафига ёнбошлаши билан ёхуд бошқа йўл билан сийдик (йўлида) асарини қолдирмай, қалби таскин топадиган ҳолда тозаланиши керак. Эр киши сийдигининг (йўлида) нами қолмаганига ишонч ҳосил қилмасидан олдин таҳорат қилиши жоиз эмас.
 
ИСТИНЖОНИНГ ҲУКМИ
 
(Истинжонинг маъноси нажосатни чиққан жойидан сув, кесак каби нарсалар билан кетказишдир.)
Икки йўлдан (олд ва ортдан) чиққан нажосатни кетказиш, агар нажосат чиққан жойи атрофига ёйилмаган бўлса, суннатдир. Агар нажосат (чиққан жойи атрофига) ёйилса, ёйилган дирҳам миқдорида бўлса, уни сув билан (ювиб) кетказиш вожиб, ёйилгани дирҳам миқдоридан кўп бўлса, уни сув билан (ювиб) кетказиш фарз бўлади. 
Жунуб ёки эҳтилом бўлгани (тушда булғангани), ҳайз ва нифосдан тоза бўлгани учун ғусл қилишдан олдин олд ва ортидаги нажосатни, оз бўлса ҳам, ювиб кетказиш фарз бўлади.
Нажосатни (чиққан жойидан) кесак ва у каби (қадрсиз) нарса билан кетказиш суннатдир, сув билан ювиш мустаҳабдир, сув ва кесакни бирга қўллаш: аввал кесак билан артиб, сўнг сув билан ювиш афзалдир. Уни фақат сув ё фақат кесак билан кетказиш ҳам мумкин. Суннат, нажас чиққан жойни тозалашдир. 
Нажосатни (чиққан жойидан) учта кесак билан кетказиш мустаҳабдир, суннати муаккада эмас. Шунинг учун (нажосат чиққан жой) учтадан кам кесак билан артилганда тоза бўлса ҳам, мустаҳаб юзасидан, учта кесак билан артилиши керак.
ИСТИНЖО (КЕСАК БИЛАН ТОЗАЛАНИШ) ТАРТИБИ
Эр киши, агар мояклари осилиб турган бўлса, (ортини) биринчи кесак билан олдиндан орқага, иккинчиси билан орқадан олдинга, учинчиси билан олдиндан орқага артади. Агар мояклари осилмаган бўлса, аввал орқадан олдинга артади. Аёл, фаржи булғанмаслиги учун, биринчи кесак билан олдиндан орқага артиши лозим. Сўнг, аввал қўлни сув билан ювиб, олдни (сийдик чиққан жойни, ювиб олгач,) ортини (оҳиста сув қуйиб) чап қўлнинг бир бармоғининг ёстиқчалари билан ишқаш керак. Эр киши (ортини тоза қилиши учун) сув билан истинжо қилиш аввалида (чап қўлининг) ўрта бармоғи (ёстиқчаларини) бошқа бармоқлари (ёстиқчалари)дан сал баланд қилиши керак. Бир оздан сўнг ўрта бармоғи ёнидаги бармоғини (ёстиқчасини) ҳам баландлатиши зарур. Асло бир бармоғининг ёстиқчалари билан истинжо қилмаслиги лозим (фақат бир бармоқ ёстиқчалари билан истинжо қилиш дардга сабаб бўлади).
Аёллар, лаззат ҳосил қилишдан қўрқиб, сув билан истинжо қилиш аввалида ўрта бармоқлари ёстиқчалари билан бирга унинг ёнидаги бармоқлари ёстиқчаларини ҳам баланд қилишлари лозим. (Бокиралар сув билан истинжо қилишда бармоқларини ишлатмасликлари керак. Улар кафтларининг бармоқлари тарафидаги баланд жойи билан истинжо қилишлари лозим).
Агар киши рўзадор бўлмаса мумкин қадар ортини бўшантириб, ундан нохуш ҳид кетгунича тозалаб, сув билан истинжо қилиши керак. Сув билан истинжо қилиб бўлгач, қўлни яна ювиш лозим. Агар киши рўзадор бўлса ( сув билан истинжо қилганидан сўнг) туришидан олдин ортини (тоза латта билан) артиши зарур. (Бу амал рўзадор бўлмаганлар учун мустаҳабдир.)
 
НАЖОСАТНИ КЕТКАЗИШ
 
(Сув билан) истинжо учун (бирор киши олдида) авратни очиш жоиз эмас. (Бу ҳолда ортдан чиққан нажосат кесак каби қийматсиз нарсалар билан артилади.) Нажосат чиққан жойи атрофига ёйилиб (атрофига) ёйилганнинг ўзи (қуюқ бўлганда) дирҳам оғирлигидан ошиқ бўлса, (суюқ бўлганда кафтнинг сув турадиган жойидан кўп жойга ёйилганида) уни кетказадиган нарса топилса (уни кетказмасдан) намоз ўқиб бўлмайди. 
Бирор киши бўлганида авратни очмай нажосатни кетказишга ҳаракат қилиш керак.
Суяк, одамлар ёки ҳайвонларнинг озуқаси, пишган ғишт, жуда майда кесак, кўмир, шиша, гипс, пахта ва ипак мато қийқими каби қадрли нарсалар ва узр бўлмаганида ўнг қўл ёрдамида истинжо қилиш макруҳ бўлади.
 
ҚАЗОИ ҲОЖАТ ТАРТИБИ
 
Ҳожатхонага бош кийимда, чап оёқ билан кирилади. Ҳожатхонага киришдан олдин тасмия ва таъаввуз айтиш керак. (Яъни, “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим. Аллоҳумма инний аъузу бика минал хубси вал хабоиси”, дейилади. Ҳожатхонага киришдан олдин тасмия айтилса, инсон аврати жинлар кўзидан тўсилади; таъаввуз айтилса, жинларнинг зараридан асралади).
Ҳожатхонада оғирликни чап оёққа солиб ўтирилади (шу ҳолда бўшаниш осон бўлади), заруратсиз гапирилмайди. Ҳожат ушатилаётганда (бино ичида бўлса ҳам) қиблага қараб ё унга орқа қилиб ўтириш, Қуёш ва Ойга, шамол эсаётган тарафга қараб ўтириш таҳримий макруҳдир (Қуёш ва Ой Аллоҳ таолонинг очиқ далилларидир).
Сувга, (одамлар ўтирадиган) соя жойга, кавакларга, йўлларга, мевали дарахтлар остига сийиш ва ҳожат ушатиш ва узрсиз тик турган ҳолда сийиш макруҳдир.
Ҳожатхонага Аллоҳ таолонинг исми ё Қуръон оятлари ёзилган нарсалар олиб кирилмайди. У жойда Аллоҳ таоло исми зикр этилмайди, ҳамд айтилмайди, саломга, азонга жавоб қайтарилмайди, авратга ва ундан чиққан нарсага қаралмайди, тупурилмайди, бурун қоқилмайди, томоқ қирилмайди, қўл билан ўйналмайди, заруратсиз узоқ ўтирилмайди.
Ҳожатхонадан ўнг оёқ билан чиқиб, сўнг: “Алҳамду лиллаҳиллази азҳаба аннил аза ва афони” (Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин. У мендан зарарни кетказди ва ундан халос қилди), дейиш керак.