Одатдаги ғиди-биди бу гал жанжалга айланди. Кийиниб, шошганча чиқиб кетаётган укасини тўхтатган ака:

– Яна ишни чала қилибсан, – деб зардали гап бошлади. – Омборхонани охиригача йиғиштириб қўйсанг бўлмайдими?

– Озгина қолди. Ҳали қайтиб келиб...

– Ўзи арзимаган иш эди, – асабийлашди ака. – Доим шунақа, ишингда барака йўқ. Жонингни койитгинг келмайди.

Ошхонада куймаланаётгандай кўринган, аслида бутун диққати ташқаридаги музокарада бўлган она: “Қўй, болам, қизишма. Уканг анча ишни бажариб қўйди. Қолганини устозининг олдига бориб келганидан кейин саранжомлайди”, демоқчи бўларди-ю, аммо ака-уканинг орасига тушишдан ийманиб турарди. Аканинг овози тобора баландлади:

–Ўқиб, ҳунар ўрганган битта сенми? Сендайлигимизда биз ўқишгаям, ҳунар ўрганишгаям, уй ишларигаям улгурардик. Бунинг учун одамда ғайрат бўлиши керак, виждон...

Ука ортга қайтиб, уйга кирди. Сал ўтмай, кийимини алмаштириб чиқди-да, омборхонага йўналди.

Она югуриб унинг олдига чиқди:

– Ҳа, болам, компутер дарсига бормадингми?

– Бормайман, ойи. Омборхонани йиғиштираман. Ҳамма ишни чала қилиб юришимдан нима фойда? – ука шундай деб кайфиятсиз ишга киришди.

“Қачондан буён компутер курсига боришни орзу қилиб юрган болам энди ниятига етай девди-я...” онанинг кўнгли увишди.

Катталарнинг ўз набиралари, фарзандларига, ука-сингилларига ёки умуман: “Биз ёшлигимизда (“сендай пайтимда... келинлигимда...”) бошқача эдик, ишлаб чарчамасдик, ундай эдик, бундай эдик”, деганларини ҳаммамиз эшитганмиз. Пайти келганида, ўзимиз ҳам биздан ёшроқларга шунақа гаплар билан танбеҳ берамиз, талабчанлик қиламиз. Аслида, катталар кичикларни шу тариқа йўлга солишининг ҳеч ёмон жойи йўқ. Лекин кўп ҳолларда катталар бу гапларни шундай оҳангда айтадиларки, тингловчи самимий маслаҳат эмас, таъна-дашном эшитаётгандай бўлади. Қолаверса, айримлар бундай гапларни ўз норозилигини ифодалаш учун “қурол” қилиб олишади ва ўзлари билиб-билмаган ҳолда: “Ҳозирги ёшлар ишёқмас (нозик, андишасиз, ҳурматни билмайди, калта ўйлайди ва ҳ.)” каби ва дилга қаттиқ ботадиган хулосалар билан ёшларни ўзларидан бездиришади.

XIX асрда бутун ҳаётини янги дорилар кашф қилиб, уларни ҳайвонларда синаб, инсонларга ҳам қўллаш мумкин ё мумкин эмаслигини ўрганишга бағишлаган машҳур олим умри охирида бир ҳақиқатни тушуниб етган. Яъни, ташқаридан бўладиган таъсирларни нафақат турли жонзотлар, балки жонсиз нарсалар ҳам турлича қабул қилишини, ўзгаришлар ҳам турлича бўлишини англаган. Олим қуён, каламушларда синаб кўрилган дориларни одамларга тавсия қилиш хато деб, тажрибаларидан чиқарган барча хулосалари, илмий кашфиётларидан буткул воз кечган. Олимнинг бу ҳақиқатни тан олиши фанга қўшган беқиёс ҳиссаси, деб эътироф этилган.

Шундай бўлгач, тинмай ўзгариш, янгиланишда бўлган табиат ва жамиятга жисман, маънан, руҳан бевосита боғлиқ бўлган одамларга бир хил талаб қўйиб бўладими?

Танишлардан бирининг ўсмир қизи қўққис шифохонага тушганини эшитдик. Ўз ёшига нисбатан анча дуркун, соппа-соғ кўринадиган қизнинг боши айланиб, ҳушидан кетиб қолгани бизни ҳайрон қолдирди. Маълум бўлдики, савдо-сотиқ билан шуғулланадиган онаси уч яшар ўғилчасини қизига қолдириб, ўзи бир неча кунга сафарга кетган экан. Ўсмирлик даврининг табиий ўзгаришларини бошдан кечираётган қизга инжиқ укасини тинмай кўтариб юриш оғирлик қилган, айни ўзини эҳтиёт қилиши керак бўлган кунларда жисми, руҳияти зўриққан, камқонликка учраган.

Баъзи оналар: “Фалончининг боласи ориққина, кичкинагина бўлса ҳам, уйида ҳамма ишни уддалайди. Сен бирпасда чарчайсан”, деб боласини уришади. Унутмайлик: ихчамлик, нозик қоматлилик ҳамиша ҳам касаллик белгиси бўлмаганидек, тўлароқ жусса доим ҳам соғломлик аломати эмас. Наслий ўзига хосликлар, ҳаёт тарзи (овқатланиш, руҳий муҳит, меҳнат ҳамда спорт билан шуғулланиш даражаси)га қараб одамларнинг қадду қомати ҳар хил бўлиши мумкин. Гоҳида кўзингизга ушоққина кўринган одамнинг ғайрати, ишлаб чарчамаслигига ҳавасингиз келади. Демоқчимиз, моҳият, мағиз – бир қарашда кўзга ташланадиган нарса эмас. Агар ёшларнинг меҳнатга, илмга, ҳунарга, чиройли одоблар ўрганишга рағбатини, қизиқишини оширмоқчи бўлсак, уларни камситиб эмас, меҳр-муҳаббатимизни зиёда қилиб, кўнглига озор бермасдан гапириш мақсадга етиш йўлидир. Ўзимизнинг яхши натижа топган ишларимизни синовдан ўтган тажриба сифатида ўргатайлик.

Ёшлигимизда бизга ҳам айрим катталар: “Сендайлигимда мен ундай қилгандим, бундай бўлгандим...” қабилида гоҳ кулиб, гоҳ дашном оҳангида гапиришган. Бундан кейин фақат... яхши ниятга йўналтирилган бундай гапларни зурриётларимизга меҳр билан яхши оҳанг ва яхши сўзларда айтишни одат қилиб қолдирсак, қандай соз бўларди!

 

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган маданият ходими