Жаноб Пайғамбаримиз янги кийим кийсалар ёки алмаштирсалар: “Ё Раббим! Булар билан менинг кўринишимни чиройли қилдинг. Ўзингга ҳамд бўлсин! Энди хулқу одобимни ҳам, амалларимни ҳам шундай гўзал ва ёқимли қилгин!” деб дуо қилганлар.

Кийим инсоннинг моддий эҳтиёжларидан бири. У инсоннинг кайфияти, руҳиятини – ички олами, маънавиятини, қолаверса, қай даражада тарбияли эканини кўрсатади ва таъби, диди, феъли-табиати ҳақида тасаввур уйғотади. Покиза, айниқса, янги кийимлар кайфиятимизни кўтаради, кўнглимизни ёриштиради.

Ҳазрат Мир Алишер Навоий : “Яхши сухан жонга оройиш, яхши либос танга оройиш”, деганлар. Кийим кийишнинг дастлабки шарти унинг озода бўлишидир. Имомиддин Насимийнинг :

 

“Муриднинг пирин сўрмоқ, дейдилар, одат эмас,

Орифона бир назар қил, кисватидин белгили”,

 

байти кийимига қараб, инсоннинг мақомини билиш мумкинлигига ишора қилади. Қимматбаҳо кийимлар, дабдаба, ҳашамат, ялтир-юлтир ва ҳоказолар инсоннинг ақл-фаросат каби фазилатларини белгиламайди. Инсонга кийимига қараб баҳо берадиганлар маънавий қашшоқдирлар. Саодат асрида яшаганлар инсон қадр-қийматини унинг тақвоси, яхши амаллари, имон-эътиқоди билан белгиланган.

Инсон ёмон хулқ, пасткашлик билан номини булғамаса, ҳар қандай ораста кийим уни чиройли қилаверади ва жамолини очаверади. Кийим баҳоси ўзига муносиб, ранги очиқ ва инсон табиатини енгиллаштирадиган, кўринишини салобатли қиладиган, шу билан бирга ҳар қандай дабдабаликдан ҳоли – содда бўлиши мақсадга мувофиқ. Зеро, Пайғамбаримиз кийимнинг ораста, бежирим бўлишини тарғиб қилганлар. Эркакларни ҳарир, шойи, парча каби ялтир-юлтир матолардан, тилла-кумуш матоҳлардан фойдаланишдан қайтарганлар.

Ҳашаматли, ялтироқ, шунингдек, баданни сиқиб турадиган тор, ҳаддан ортиқ калта ёки юришга ҳалал бергудек жуда узун ҳамда бесўнақай тикилиши ёки очиқ-сочиқлиги билан бировлар диққатини жалб қилувчи кийимлардан сақланиш керак. Ҳозир бозорларимизда сотилаётган, айниқса, “мода” деб тарғиб қилинаётган баъзи чет эл кийимларини гапирмай иложимиз йўқ. Бу кийимлар орқали адабсизлик, ҳаёсизлик тарғиб қилинаётганини кўрамиз.

Бугун йигитлар ҳам қизлардан қолишмаяпти. Уларга ҳам тор кийиниш урф бўлди. Кийим дегани аъзоларни ёпиш учун хизмат қилиши кераклиги унутилаётганини кўрамиз. “Ўтган кунлар” филмида Отабек кийган кийимлар – бошидаги дўппилардан тортиб, оёқ кийимларигача барчаси ҳар бир ўзбек йигитига ярашади. Унинг виқору салобатини зиёда қилади.

Мутахассислар фикрича, миллий кийимларимиз баданимизни ва саломатлигимизни ҳар жиҳатдан ҳимоя қилишга мослашган экан.

Манбаларда кийиниш ва саломатликка доир маслаҳатлар, тавсиялар берилган:

– кийимнинг ранги кишининг ёшига, кайфиятига, у ёки бу жамиятдаги тутган мақомига мос бўлиши керак. Қора, сариқ ва қизил рангли либослардан сақланиш тавсия этилади;

– кийимнинг кенглиги ўртача бўлиши керак. Тор бўлмасин. Ниҳоятда тор кийимлар қон айланишининг бузилишига, тез чарчашга олиб келади. Натижада баъзи касалликлар келиб чиқиши ҳам мумкин;

– кийимнинг ўлчамлари киши жисмига мос, эркин ҳаракатланишга имкон берадиган бўлсин. Жуда калта ёки кичик ва жуда узун бўлиши яхши эмас;

– кийимнинг миллий талабларга жавоб бериши ҳам жуда муҳим.

 

Зокиржон ШАРИФОВ,

Тошкент шаҳри “Яккасарой” жоме масжиди имом-хатиби