Набирамни қўлга олишим билан упанинг нафис ифори димоғимга урилди. Қарийб ўзим билан тенгдош хотиралар гўё бу майин ҳидга қоришиб кетди.

Кичкиналигимда онам синглимни бешикка бойласалар, ёнларидан кетмасдим. Чақалоқнинг қўл-оёқларини тезроқ танғиб, устига кўрпачасини, ёпқични ёпсалар-у, мен бешик тебратсам. Лекин онам шошилмасдилар. Бешикнинг энг тагига тўшаладиган қовуздан тортиб ҳамма кўрпачаларгача оҳиста силаб-сийпалаб, текислардилар. Уларнинг устидан оппоқ сурпдан тикилган чойшабларни солиб, пахтали ёстиқчанинг атрофларига упа сепиб чиқардилар. Кейин “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим”, – деб синглимни бешикка ётқизиб, унинг ҳам томоғини, қўлтиқлари, оёқчаларини упали пахта билан артардилар. Синглим каттариб, бешикка ётмайдиган бўлиб қолган кунларда дадамнинг жиянлари кўз ёриши арафасида қаттиқ касал бўлиб қолди. Қизалоқ туғилди, аммо онасининг аҳволи оғир эди. Шифокорлар гўдакни онасидан ажратиб даволаш кераклигини айтишди. “Мен боқаман”, дедилар онам. Уйимизга Обидахон исмли чақалоқ келди, бешик тузалди. Онажоним бу норасидани ҳам упа ҳидларига чўмилтириб парваришлай бошладилар... Кейин онаси тузалиб чиқди.

Уйимиздан, кийимларимиздан доим кўнгилга қаттиқ урмайдиган майин упа ҳиди келиб турарди. Йиллар ўтиб, опаларим турмушга узатилди, фарзандли бўлишди. Онам набираларини бешикка солишдан олдин доим бундай тайинлардилар: “Тиниқиб ухлаган боланинг иштаҳаси яхши бўлади, инжиқлик қилмайди, эмин-эркин ўсади. Болам тиниқиб ухласин, соғ бўлсин десанг, жойини, кийимини яхшила. Бешик асбоблари тоза, текис бўлсин. Упанинг ҳиди беозор, баданини упалаб турсанг, ёз кунлари ҳам иссиқлик тошмайди, у ер-бу ери қизариб шилинмайди. Болани қўлига олган одамнинг кўнгли равшан тортади. Сенга айтиб қўяй: бу кичкинтойни ҳали ҳеч нарсани билмайди, деб ўйлама. Гўдаклар ҳам ҳамма нарсани тушунади, яхшини ёмондан ажратади. Фақат билиб турганларини айтолмайди, холос. Яхши муомала, очиқ юз, хушбўйлик уларгаям ёқади. Нимани кўриб, эшитиб, ҳис қилиб катта бўлса, шунга ўрганади, табиати мослашади...”

Бугун шифокорлар ҳам ёш оналарга чақалоқларнинг бадани қуруқ ва ҳар хил микроблардан ҳимояланиб туриши учун ҳар куни, албатта, упалаб туриш кераклигини айтишади. Беихтиёр онамни эслайман. Онажон, сизнинг, сизга таълим берган бувижонларимнинг охиратлари обод бўлсин!

 

Муҳтарама УЛУҒОВА