Аждодларимиз қадимдан бола тарбияси, айниқса, қиз фарзанднинг камоли, истиқболи ҳақида қайғурганлар. Зеро, қиз бола бўлажак она. Ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом оналардан соғлом фарзанд дунёга келади.

Ислом дини таълимотида қиз бола тарбиясига катта эътибор қаратилган. Имом Бухорий "Ал-адаб ал-муфрад" китобида қу­йидаги ҳадисни нақл этган. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Кимнинг учта қизи бўлиб, уларни ўз қўлида тарбиялаб, катта қилса, жаннатга кириши муқаррардир", дедилар. Шунда бир киши: "Ё Расулуллоҳ! Унинг қизи иккита бўлса-чи?" деб сўради. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Иккита бўлса ҳам", дедилар".

Қиз болани ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, унга ҳамиша ғамхўрлик қилишнинг аҳамияти юксак, оқибати хайрлидир. Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади. "Бир куни менинг ҳузуримга иккита қизини (етаклаб) бир аёл тиланчилик қилиб кириб келди. Менинг ҳузуримда битта хурмодан бош­қа нарса йўқ эди. Мен хурмони берсам, аёл уни иккига ажратди-да, икки қизига берди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кирганларида бу ҳақда хабар берсам, у зот: "Ким мана шу каби қиз фарзанд билан имтиҳон қилинса (синалса), қизларини чиройли парвариш этса, унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади", дедилар" (Муттафақун алайҳ).

Қиз бола тарбияси шунчалар муҳимки, инсон фарзандлари учун совға олиб келган бўлса, уни тарқатишни аввало қизларидан бошлаши ҳақида кўрсатмалар бор. Фақиҳ Абул-лайс ас-Самарқандий "Танбеҳ ал-ғофилийн" асарида қуйидаги ҳадисни нақл этган. Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: "Пайғамбар (соллалоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: "Ким бозордан фарзандларига ҳадя келтирса, у садақа қилган киши каби бўлади, ҳатто уни уларнинг оғзига солади. Тарқатишни қизлардан бошласин, чунки Аллоҳ таоло аёлларга юмшоқлик қилди. Ким аёлларга юмшоқлик қилса, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши кабидир. Ким Аллоҳдан қўрқиб йиғласа, уни Аллоҳ кечиради. Ким қизлари билан хурсанд бўлса, Аллоҳ қиёмат куни уни хурсанд қилади".

Ота ва оила аҳллари қизлари учун яхши хулқли, тақводор куёв қидиришлари лозим. Унинг бойлиги ва молини кўзлашлари керак эмас. Агар совчи қўювчи хулқи яхши, тақволи, шарафли, мурувватли, илмли ва кўркам бўлса, қандай яхши. Бу йигит турмуш қуриш неъматига ва қиз унга ҳадя қилинишига арзийди. Улар яхшилик билан турмуш қуради ва агар келиннинг баъзи ишларини ёқтирмай қолса, унга чиройли муомалада бўлаверади. Ойша (розияллоҳу анҳо) дедилар: "Никоҳ қулликдир. Шундай экан, ҳар бирингиз ўзининг иззатлисини (қизини) қандай жойга бераётганига қарасин". Халқимизда бирор жойга совчи бўлиб борганда, "Қулчиликка келдик" деган иборани ишлатиш одати бор. Бунда никоҳдан сўнг кимдир хожа, бошқа биров қулга айланиши эмас, балки никоҳ масъулиятининг юксак экани назарда тутилган. Яъни, никоҳга қулдек меҳнат ва хизматни талаб этадиган, ўта жиддий масала сифатида қаралган.

Бўлажак куёвнинг миллати, келиб чиқиши ёки дунёсига эмас, аввало, оқил ва солиҳ бўлишига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланган. Шаъбий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: "Ким иззатлисини (қизини) фосиққа никоҳлаган бўлса, бошини ёрибди". Бир киши Ҳасан Басрийдан сўради: "Қизимни кимга эрга берай?" Имом жавоб бердилар: "Аллоҳдан қўрққанга бер. Агар у қизингни севса, ҳурмат қилади, агар ёмон кўриб қолса, зулм этмайди".

Оқил одам қизини ўзига муносиб, номусини сақлайдиган, у билан қариндошлари қаноатланадиган ва қизини бахтли қила оладиган эрга никоҳлайди. Шунингдек, қизини никоҳга тайёрлашга ҳам муҳим вазифа сифатида қарайди. Зеро, никоҳ қиз бола учун оналик саодати сари йўл очар экан, унга жиддий муносабатда бўлиш ҳар бир оқил инсоннинг бурчидир. Имом Ғаззолий "Иҳёу улумиддин" китобларида Асмо бинти Хорижанинг турмуш қураётган қизига насиҳатларини келтирадилар: "Қизалоғим, ўсиб-улғайган уйингдан чиқдинг ва ўзинг танимайдиган ва олдин яқин бўлмаган кишининг уйига кетдинг.

У учун ер бўл, сенга осмон бўлади.

У учун ўрин бўл, сенга устун бўлади.

У учун чўри бўл, сенга у қул бўлади.

Унга хиралик қилма, ёқтирмай қолади.

Яъни, ҳадеб ундан ҳар нарсани талаб қилаверма, зада бўлади.

Ундан узоқлашма, эсдан чиқариб қўяди.

Сенга яқин бўлса, унга яқин бўл.

Сендан узоқлашса, ундан узоқ бўл.

Унинг бурни, қулоғи ва кўзини муҳофаза қил, сендан фақат ширин ҳидласин, фақат гўзал сўз тингласин ва сенинг чиройингни кўрсин".

Мазкур ривоятда қиз болани никоҳга тайёрлашнинг ибратли томонлари мужассам. Афсус, баъзи оналар турмушга чиқаётган қизларига оиладаги устунликни қўлга олиш, эр ва қайнонага бўш келмаслик ҳақида "насиҳат" қиладилар. Бу ишнинг нотўғрилиги "У учун ер бўл, сенга осмон бўлади, у учун ўрин бўл, сенга устун бўлади", мисралари кўрсатиб турибди. Яъни, келин куёвга қанчалик муҳаббат ва садоқат кўрсатса, камтарлик билан муомала қилса, унга ҳам куёвдан шундай илиқлик ва самимийлик қайтиши табиий.

Фуссилат сураси 34–35-оятларида ёмонликни яхшилик билан даф этиш борасида бундай кўрсатма бор: "Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф этинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Унга фақат сабр­ли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур".

Демак, аёл ўз турмуш ўртоғига қанчалик яхши муносабатда бўлса, бу ҳол оиланинг мустаҳкамланиши, келажакда эрдаги баъзи қусурларнинг бартараф бўлишида ва унинг том маънодаги оила бошлиғи сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Зотан, қизларни тарбиялаш ва уларга никоҳ масъулиятини англатиш мустаҳкам ва бар­қа­рор оилалар қурилиши учун муҳим қадамдир.

 

Гулнора МАЪРУПОВА,

"Хадичаи Кубро" аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юрти мударрисаси