Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса ва ҳаж давомида уят, фаҳш сўзларни гапирмаса ва фисқ-фужур ишларни қилмаса ҳамда бирор кимса билан тортишиб, жанжаллашмаса у уйига онасидан туғилгандек бегуноҳ бўлиб қайтади", дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Оқил, болиғ, соғлом ва йўлга қодир мусулмон кишига умрида бир марта ҳаж қилиш фарздир. Йўл харажатларига кетадиган маблағи, ўзининг эҳтиёжларидан ва бориб келгунига қадар оила аҳлининг нафақаларидан ташқари бўлиши керак. Шу­нинг­дек, йўлнинг очиқ ва хавф-хатарсиз бўлиши ҳам ҳажнинг фарз бўлиш шартларидандир. Аёл кишига эса юқоридаги шартлар билан бирга тан маҳрам бўлиш лозим. Кимда мазкур шартлардан бирортаси топилмаса, унга ҳаж фарз бўлмайди. Қуръони каримда: "Йўлга қо­дир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир" (Оли Имрон, 97), дея мар­ҳамат қилинган.

Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Йўлга қодир бўлиш нима?" – деб сўрашганида, у зот: "Йўл учун етарли маблағ ҳамда уловдир", – деб жавоб берганлар. Бундан маълум, ҳаж молиявий ҳам жисмоний ибодатдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Кимдаким, Аллоҳнинг шиорлари бўлмиш маконларни ҳурматини ўрнига қўйиб ва у ерлардаги ибодатларни мукаммал адо этса, демак, бу қалбининг тақвосидандир" (Ҳаж, 32).

Ҳажга ният қилган киши молидан, соғлигидан, оиласидан йироқда, машаққатларни бўйнига олиб ҳажга отланар экан, фақат ибодат билан маш­ғул бўлмоғи лозим.

Ҳаж Қуръон нозил бўлган, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қадамлари теккан улуғ заминда адо этилади. Шу боис саноқли ҳаж кунларини ғанимат билишимиз, гўзал одоб билан намуна бўлишимиз лозим.

Қуръони каримда: "Бас, ким шу (ҳаж) ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй оқиллар!.." – деб марҳамат қилинган (Бақара, 197).

Демак, ҳажни ният қилган киши катта-ю кичик гуноҳларни қилишдан, бирор жонзотга озор беришдан, хусусан, одамлар билан жанжаллашишдан доимо ўзини сақлаши керак. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир", – деганлар (Муттафақун алайҳ).

Ҳаж фахрланиш учун қилинадиган ибодат эмас. Ҳажнинг нақадар улуғ ибодат эканини тушунмаган, қавму қариндошга силаи раҳм, фақир ва муҳтожларга, етим-есирларга хайру эҳсон қилишни унутган, ҳаждан келиб яна ношаръий ишлар билан маш­ғул бўлган кишининг ибодатида савоб йўқ.

"Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур"(Бақара, 97), де­йилган оятдан умид қилган ҳолда, ўзига тўқ кишилар қайта-қайта ҳажга боришдан кўра, унга кетадиган маблағни меҳрибонлик уйларига, қариндош-уруғи ва ўзи яшайдиган ҳудуддаги кам таъминланган оилаларга, талабаларнинг шартнома тўловлари каби садақаи жория бўладиган умумхалқ манфаати – Ватанимиз, юртимиз келажаги йўлида сарф қилиши савоблидир.

 

Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар "Собитхон ҳожи" жоме масжиди имом-хатиби