Фарзандлар балоғатга етгач, ота-она зиммасида қиз болани турмушга бериш, ўғил болани уйлантириб қўйиш вазифаси туради. Чунки жисмонан соғлом инсон ўз вақтида турмуш қурмаса, шайтон ва нафс фитнасига йўлиқиб қолиш эҳтимоли бўлади. Нафс кўзни кўр, қулоқни кар ва баданни эса гиёҳванд модда, спиртли ичимликлар ва наркоздек фалаж ва карахт қилиб қўяди. Одам кўз, қулоқ ва тилининг хиёнати сабаб зино қилмаса ҳам қалби хасталаниб, оқибатда яхшилик ва ёмонликни бир-биридан фарқлай олмайдиган ҳолга келиб қолиши мумкин.

Абдуллоҳ ибн Мас­ъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Биз – кучимизни қаерга ишлатишни билмайдиган бир гуруҳ йигитлар унинг чорасини Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўрадик:

"Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Эй ёшлар жамоаси! Нафақа, маҳр беришга қодир бўлган киши уйлансин. Уйланиш кўзни номаҳрамга қарашдан ҳамда зинодан сақлайди. Уйланишга қодир бўлмаган киши рўза тутсин. Чунки рўза шаҳватни кесувчидир", дедилар" (Имом Бухорий).

Муҳаддис Зафар Аҳмад Таҳонавий айтади: "Нафақага имкони бор, нафсининг истаги кучли одам тезда уйланиши керак. Агар нафақа беришга қурби етмаса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айт­ганларидек, рўза тутиши зарур бўлади. Чунки рўза шаҳватни кесади".

Аллоҳ таоло мар­ҳамат қилади: "(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган синоатларидан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! ..."(Нур, 30–­31).

"Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир" (Исро, 32).

Номаҳрамларга қасддан, шаҳват билан қараш ҳаромдир. Эркак киши аёл-қизларнинг йўлини тўсиши, тегажоқлик қилиши, гап отиши, ҳатто пинҳона назар солиши ҳам ҳаром ҳисобланади. Шаҳвоний сўзлар тинглаш, беҳаё суратлар, филмлар кўриш ҳам гуноҳдир. Шунинг учун Аллоҳдан ва қиёмат кунидан умиди бор инсон номаҳрамларга қарашдан тийилсин, аёл-қизлар ўзини кўз-кўз қилмасин, дейилган.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): "Ким уйланса, имоннинг ярмини комил қилибди. Қолган ярмида Аллоҳга тақво қилсин", дедилар» (Табароний ривояти).

Уйланувчи кишининг нияти поклик, тақводорлик бўлса, ҳеч қандай қийинчилик, фақирлик ва муҳтожликдан қўрқмаслиги керак. Ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Фақирлик ва муҳтожликдан қўрқиб оила қурмаганлар биздан эмас", деб огоҳлантирганлар. Баъзи бир одат ва расм-русумларни деб, тўйни кечиктириш хатодир.

 

Ўролбек МУСТАНОВ