• Рукни: Тарих

Луқмони ҳаким номига кўп бор дуч келамиз, ҳикматларини ўқиб қоламиз. Бироқ у зот ҳақида маълумотлар оз.

Тўғрироғи, аниқ маълумотнинг ўзи йўқ. Қуръони каримда ҳам, ҳадисларда ҳам у кишининг ким бўлгани тўғрисида айтилмаган.Илоҳий Китобимизда "Луқмон" сураси бор, унда Луқмони ҳакимнинг ўғлига қилган фойдали, ибратли насиҳатларидан айримлари берилган. Ҳикматларининг қолган қисми турли ривоятлар орқали бизнинг давримизгача етиб келган. Суранинг бошқа оятларида тавҳид ва имонга даъват, куфр ва ширкдан қайтариш каби ўгитлар берилган.

Баъзи маълумотларга кўра, Луқмон Африка қитъасининг ўртасида – Ҳабашистонда дун­ёга келган, паст бўйли, қора танли, ясси бурунли, лаблари қалин ва сочлари жингалак киши бўлган, дейилади.

Муҳаммад ибн Исҳоқ маълумотига кўра, Луқмони ҳаким Боур ибн Ноҳур ибн Ториҳнинг ўғли бўлган. Ториҳ Иброҳим пайғамбарнинг (алайҳиссалом) отаси Озарнинг бошқа бир исмидир.

Суҳайлий (розияллоҳу анҳу) эса, Луқмон нубиялик Анқо ибн Соруннинг ўғли, дейди. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ҳам унинг нубиялик экани ва паст бўйли бўлгани ҳақида маълумот берган.

Ваҳба (розияллоҳу анҳу) эса, машҳур ҳаким Айюб пайғамбарга (алайҳиссалом) жиян – синг­лисининг ўғли эканини таъкидлайди.

Муқотил (розияллоҳу анҳу) фикрича эса, у Айюбнинг (алайҳиссаллом) холасининг ўғлидир.

Ибн Касир Луқмони ҳаким Довуд (алайҳиссалом) даврида Бани Исроилга қозилик қилганини ёзади. У моҳир нотиқлиги, ўткир фикрлари ва адолатли қарорлари билан шуҳрат қозонади. Тўғри фикрлилиги, самимияти ва орияти билан одамларнинг кўнглидан жой олади. Турли можароларга ечим топиб бериши унга катта обрў-эътибор келтиради. Шу сабабли жамиятда муҳим ўрин тутган шахслардан бирига айланади.

Ибн Аббос ва Холид ибн Робиий фикрича, Луқмони ҳаким дурадгорлик билан шуғулланган. Ёшлигида чангалзор ўрмонлар ва тоғларни ялангоёқ кўп кезиб юради. Шу сабабли оёқлари кўп озор чекади, лекин метиндай мустаҳкам бўлади. У бақувват ва чайир бўлиб ўсади. Ёввойи ҳайвонлар билан жуда кўп бор юзма-юз келгани унда матонат, жасорат ва қатъиятни мустаҳкамлайди.

Аллоҳ таоло унга юксак ақл-идрок ато этган эди. Луқмон ҳамиша ҳақиқатни сўзлаб, қалб билан фаҳмлаб, фикрлаб, фарзларни тўкис адо этиб, донишмандлик даражасига етади. Ибн Касир бундай ҳикоя қилади: "Бир куни эски танишларидан бири Луқмонни излаб келади ва уни одамлар ўраб олган, ҳар бир сўзини диққат билан тинглаётган ҳолда учратади. Бундан ҳайратга тушган ҳалиги киши: "Наҳот сен мен билан бирга қўй боқиб юрган ўша Луқмон бўлсанг?!" деб сўрайди. Луқмони ҳаким: "Ҳа, ўша менман", деб жавоб беради. "Бундай даражага қандай етишдинг?" деб сўрайди бояги киши. "Тўғри сўзлаганим ва фойдасиз нарсалар хусусида сукут сақлаганим туфайли", деб жавоб беради Луқмони ҳаким.

Айтишларича, Луқмони ҳакимнинг қабри Фаластиннинг Рамаллоҳ шаҳри яқинидаги Сарфанд қишлоғидадир. Қатода (розияллоҳу анҳу) берган маълумотга кўра, қабр Рамаллоҳ масжиди ва бозори орасидаги ерда.

Бу маълумотлар Луқмони ҳакимнинг насл-насаби, қаердан эканлиги, нима касб билан шуғуллангани ҳақида аниқ маълумотлар йўқлигини кўрсатади. Бироқ у ҳақда ривоят қилганларнинг бари буюк ҳакимнинг тўғрисўзлиги, ҳалоллиги, одиллиги, кераксиз ўринларда гапирмаслиги, ботир ва мардлиги, донишмандлиги ҳақида бир хил фикрдалар. Аслида ҳам энг муҳими шу. У кишининг кимлиги, қачон-қаерда туғилганидан кўра, қандай яшаб ўтгани, нималар қилгани биз учун ибратлироқдир.

 

Ориф ТОЛИБ тайёрлади.