• Рукни: Тарих

Тошкент шаҳри тарихий ёдгорликлари билан ҳам машҳур. Кўкалдош мадрасаси ана шундай муҳташам обидалардан биридир. Маълумотларга қараганда, ушбу мадраса шайбоний ҳукмдор Бароқхоннинг ўғли Дарвешхон Тошкент ҳокими бўлган даврда (1551-1575 йиллар) Қулбобо Кўкалдош томонидан бунёд этилган.

Кўкалдош мадрасаси давр­лар ўтиши билан ўзининг дас­т­лабки кўринишини йўқотган. Хусусан, 1868, 1886, 1946, 1966 йилларда шаҳарда бўлган зилзилаларда мадрасанинг пештоқи ва юқори қаватларига қаттиқ шикаст етади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, мадраса 38 ҳужрадан иборат бўлган. Тошкентлик савдогар Нурмуҳаммад Алимовнинг айтишича, мадраса 1735 йилларда карвонсаройга айлантирилган.

Мадраса нафақат ўқув маскани, балки мударрислар, мутаваллилар, талабалар ва бошқа мадраса хизматида бўлганлар учун тураржой вазифасини ҳам ўтаган. Шунингдек, узоқ жойлардан келган илм аҳллари ва савдогарлар шаҳарнинг марказида, катта бозорнинг ёнида жойлашган мадраса хоналарида кўп ҳолларда бир неча кун яшаб ҳам қолган.

Юқорида айтилган ўттиз саккизта ҳужра асосий дарсхона саналган. Булардан ташқари, мадрасада тахминан яна шунча хона бўлганини тарихий манбалар, хусусан XIX аср охирларида туширилган фотосуратлар орқали ҳам билиш мумкин.

Архив ҳужжатларида 1872 йили мадраса вақфида 321 та дўкон бўлгани қайд этилган. Мадраса иш бошқарувчиси, яъни мутавалли умумий даромадни мударрисларга, сўфига, ичимлик суви билан таъминловчи мешкобчига, сартарошга, талабаларга ва мадрасада истиқомат қилиб турган усталар, мусофирларга тақсимлаб берган. Ҳатто, уйсиз ғариб ва ночорлар ҳам мадрасанинг бир қисмидан қўним топган.

Мадрасада тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ кабилар асосий фан сифатида ўқитилган. Аммо таълим фақат диний илмлар билан чегараланмаган. Адабий, табиий, ижтимоий ва аниқ фанларга йўналтирилган соҳаларда ҳам сабоқ берилган. Ушбу ўқув юрти битирувчилари орасидан таниқли олимлар, адиблар, жамоат арбоблари етишиб чиққан. Масалан, ўзбек адабиётининг йирик вакилларидан Муқимий мадрасада яшаб, таълим олган бўлса, Фурқат 1889-1891 йилларда, Ҳамза Ҳакимзода эса 1910-1911 йилларда бу масканда истиқомат қилиб, маълум муддат таҳсил кўрган. Машҳур тошкентлик шоир Хислат шу мадрасада ўқиган. Унинг яқин ижодий маслакдоши Сидқий Хондайлиқий ҳам Кўкалдош мадрасасида дарс олган. Бу ерда турли мушоиралар, жумладан, бедилхонликлар ташкил этилган.

Чор Россияси ҳукмронлиги даврида шаҳар марказида жойлашган мадраса ҳудудидан ҳар хил маданий тадбирларни ўтказишда фойдаланилган. Масалан, миллий маданият намуналари намойиш этиладиган кўргазмалар айнан шу ерда бўлиб ўтган.

Совет даврида шаҳардаги меъморчилик обидалари қаровсиз қолдирилди. Шу сабабли бошқа ёдгорликлар қатори Кўкалдош мадрасаси ҳам хароба кўринишга келиб қолди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг, тарихий-меъморий обидалар қайтадан таъмирланди. Хусусан, Кўкалдош мадрасаси ўтмишни акс эттирувчи меъморий ёдгорлик ҳолатига келтирилди. Бу тарихий илм масканида совет даврида тўхтатилган мадраса фаолияти 1991 йилдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида жонлантирилди. Ҳозир ушбу мадрасада талабалар малакали ўқитувчи ва устозлардан диний-дунёвий фанлар бўйича таълим оляпти.

 

Обид ТАНГИРОВ,

Эшпўлат ТЕМИРОВ