• Рукни: Тарих

 

Ҳалима бинти Абу Зувайб (розияллоҳу анҳо) Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тўлиқ эмизган энагалари.

Унинг (розияллоҳу анҳо) фарзандлари: Абдуллоҳ ибн Ҳориса, Аниса бинти Ҳориса, Ҳузофа бинти Ҳориса (Шайма) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эмикдошларидир.

Ҳалима Саъдия (розияллоҳу анҳо) бундай ҳикоя қилади: «Бани Саъд ибн Бакра аёллари билан Маккадаги эмизикли гўдакларни излаб йўлга чикдик. Мен миниб олган оз­ғин эшак зўрға юрарди. Эрим қари урғочи туямизни минганди.

Шу сабаб Маккага ҳаммадан кейин кириб бордим. Ҳамроҳ аёлларнинг барчаси чақалоқ олишибди. Менга қолган гўдак эса етим эди. Изимга қуруқ қайтишни хоҳламадим. Эримга: "Етим бўлса ҳам оламан", деб уни олдим.

Муборак чақалоқни бағримга босишим билан кўкрагим сутга тўлди. Эрим урғочи туямизнинг олдига борди. Қараса, елини тўла сут. Хоҳлаганимизча соғиб олдик. Ўша кеча қорнимиз тўйиб ухладик. Эрим менга: "Эй Ҳалима, муборак гўдак олганга ўхшайсан, қара, боламиз ҳам ухлаб қолди", деди.

Биз энг унумсиз ерда яшардик. Лекин муборак гўдак пойқадами сабаб подадаги қўйларимиз елини тўла сут билан қайтарди. Истаганимизча соғиб олардик. Бошқаларнинг қўйлари очликдан силласи қуриган ҳолда келарди. Шундан кейин қўшнилар подачиларига: "Ҳалиманинг чўпони қўйларини ўтлатаётган жойдан сизлар ҳам ўтлатсангиз бўлмайдими?!" дейишди. Чўпонлар бизнинг дарада қўйларини ўтлатсалар ҳам, елинлари сутсиз бўлди.

Баракот сабаб муборак болани бир йилда сутдан ажратдим. Кейин уни эрим билан бирга онасига олиб бордик. Оминага: "Болангни биз билан қайтариб юбор. Маккадаги вабо унга тегади деб қўрқамиз", дедик. Аслида, биз Муҳаммад ва ундан келаётган баракотдан айрилиб қолишдан қўрқдик. Омина пайсалга солмасдан рухсат берди. Шундан сўнг у биз билан яна икки ой яшади.

Бир куни кичик Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйимиз ортида ўғлим билан ўйнаб, қўйларимизни ўтлатаётганди. Бирданига акаси ҳовлиқиб келиб, мен ва отасига: "Тезроқ юринглар. Икки киши келиб, қурайшлик биродаримни ётқизиб, кўксини ёрдилар", деди. (Бу "Кўкрак ёриш" воқеаси бўлиб, сийрат китобларида ёзилишича, ўшанда инсон суратида келган икки фаришта кичик Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кўксиларини ёриб, зам-зам сувига ювишган ва "Шайтоннинг насибаси" деб ниманидир улоқтириб ташлашган.)

Тезда унинг олдига бордик. Боланинг ранги ўчган, бир аҳволда турарди. Эрим кичик Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) опичлаб олди. Нима бўлганини сўрадик. У: "Оқ кийимли икки киши олдимга келди. Мени ётқизиб, кўксимни ёришди", деди. Биз Муҳаммадни кўтариб, уйга қайт­дик.

Эрим: "Ҳалима, ўйлашимча, бу болага бир нима бўлган. Шу иш ошкор бўлмасидан олдин, кел, уни оиласига қайтариб берайлик", деди. Олиб борганимизда Омина: "Сизга нима бўлди? Ахир боламдан ажрагингиз келмаганди-ку!" деди. Мен: "Уни сутдан ажратдим. Энди оиласи билан бўлгани маъқул. Бизга ҳақимизни берсанг", дедим. Аммо Омина: "Болага нима бўлганини айтиб беринг", деб ҳеч қўймади. Иложсиз, бўлган воқеани айтиб бердик. Шунда Омина: "Болага бир гап бўлишидан қўрққансиз. Йўқ, ўғлимнинг ўзи шунақа. Унга ҳомиладор бўлганимда, ҳомила оғирлигини сезмадим. Туғаётганимда мендан бир нур чиқаётганини кўрдим. У бошқа чақалоқлардан фарқли туғилди. Уни қолдириб кетаверинглар", деб, бизларга рухсат берди».

Ибн Жавзий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: "Пайғамбарлик келгандан сўнг Ҳалима Саъдия (розияллоҳу анҳо) эри Ҳорис ибн Абдулуззо билан келиб Исломни қабул қилишди".

Ато ибн Яссордан (розияллоҳу анҳу) Зайд ибн Аслам (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: "Пайғамбаримизнинг (алайҳис­салом) олдиларига энагалари Абдуллоҳнинг қизи Ҳалима (розияллоҳу анҳо) келди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни туриб қаршиладилар ва ўтириши учун ридоларини ёздилар".

Ҳалима Саъдия (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туфайли кўп яхшилик ва барака кўрди. Ҳижратнинг саккизинчи йили вафот этди.

 

Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.