• Рукни: Тарих

(Аллоҳ cирини азиз қилсин)

Асл исми: Муҳаммад ибн Муҳаммад Бухорий. Отаси хушбўйликлар тижорати билан шуғуллангани боис сулола “Аттор” лақабини олади. Хожа Алоуддин (Аллоҳ сирини азиз қилсин) ўрта бўйли, буғдойранг, истарали, камтар, иқтидори ва фаросати баланд, суҳбати таъсирли, хулқи гўзал киши эди.

Ҳаёт тарзи: Отасининг вафотидан сўнг қолган бой меросини укалари Шаҳобиддин ва Муборакка тақсимлаб берди. Ўзи эса ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд (Аллоҳ сирини азиз қилсин) ҳузурига борди ва синовлардан муваффақиятли ўтди. Илм истагида заҳмат чекиб, юксак рутбаларга эришди.

Мадрасаларда қунт билан олган билими, фақирона ҳаёт тарзи, гўзал аҳлоқи билан устозининг назарига тушди. Хожа Нақшбанд (Аллоҳ сирини азиз қилсин) уни фарзандидек яхши кўриб, ўзига куёв қилишни истади. Бир куни у зот Қасри орифондан чиқиб, Бухородаги мадрасага келди ва Алоуддиннинг хонасига кирди. Унинг эски бўйра устида дарс қилаётганини кўрди. Тўшак вазифасини ўтовчи бу бўйра, ёстиқ ўрнида ишлатиладиган ғишт, ёпинчиқ вазифасини бажарувчи ҳирқа ва таҳорат обдастасидан бошқа нарсаси бўлмаган шогирдига ниятини билдирди. Кўп ўтмай ихчам ва файзли никоҳ маросими бўлиб ўтди. Янги оилада тўрт фарзанд – Хожа Ҳасан Аттор, Хожа Шаҳобиддин, Хожа Муборак ва Хожа Алоуддин исмли ўғлонлар дунёга келди. Уларнинг ҳар бири илм эгаллаб, юксак мақомларга эришди.

Оқил шогирд: Алоуддин Аттор (Аллоҳ сирини азиз қилсин) зоҳирий илмларни эгаллагач, Хожа Нақшбанд ҳузурида маънавий таълим-тарбия ва ботиний олам сирларини ўргана бошлади. Шогирди бадавлат оилада улғайгани сабаб, устоз уни бойликдан фахрланиш ва кўнгилдаги манманлик туйғусини батамом жиловлаш учун имтиҳондан ўтказди. Унга бир сават олмани олиб, укалари яшайдиган маҳаллада сотиб келишни буюрди. Вазифани бажарган Хожа Алоуддин Хожа Нақшбанддан янги – яширин зикр вазифасини олди. Устози унинг маънавий камоли, тарбияси билан машғул бўлди.

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (Аллоҳ сирини азиз қилсин) ҳали кучдан қолмаган бўлса-да, талаба ва муридларининг таълим-тарбиясини Хожа Алоуддинга ишониб топширади ва бу ҳақда: «Бизнинг “юк”имизни хийла енгиллатди. Унинг суҳбати ва гўзал тарбияси сабаб кўплаб шогирдларнинг ботин кўзлари очилди, Ҳаққа яқинлик йўлида камолга эришди», деб шогирдидан мамнунлигини эътироф этади.

Алоуддин Аттор Хожа Нақшбанддан маънавий омонатни олгач, тўғри йўлни топишда кўпчиликка ёрдамчи бўлди. Баракотли ва файзли суҳбатлари асносида кўп инсонлар маънавий ҳузурга эришиб, камол топди. Улар орасида Хожа Яъқуб Чархий ҳамда аллома Саййид Шариф Журжоний машҳурдир.

Буюк олим Саййид Шариф Журжоний бундай дейди: “Мен Зайниддин Али кулол билан кўришгач, рофизийликдан қутулдим. Шайх Алоуддинни танигач, Аллоҳни танидим”.

Ибратли сўзлари: Ҳазрат Аттор (Аллоҳ сирини азиз қилсин) маънавий юксаклик баробарида кучли таъсир этиш қобилиятига ҳам эга эди. Шу боис Аллоҳнинг изни билан кўп инсонларнинг ҳидоят топишига сабабчи бўлди. Шайх Алоуддин Атторнинг қалб дардларига шифо бўлувчи сўзларидан баъзилари:

“Нафсни тарбия қилишдан мурод жисмоний боғланишлардан кечиб, руҳият ва ҳақиқат оламига йўналишдир. Банда истак ва орзуларини жиловлаб, Ҳақ йўлида тўсиқ бўладиган нарса ва ҳодисалардан узоқлашмоғи лозим. Қачон банда ўзини дунёга боғлаб турган нарсалардан исталган онда воз кеча билса, демак, улар йўлига тўсиқ бўлолмайди. Агар воз кечолмай, кўнгли унга боғланиб турса, бу риштани узиш лозим бўлади. Устозимиз Шайх Нақшбанд (Аллоҳ сирини азиз қилсин) бу мавзуда шу қадар эҳтиёткор эдики, агар янги либос кийса, “Бу энди фалончиники”, деб бир кишига ҳадя этар ва ундан омонат тарзида олиб киярди”.

 “Нақшбандийлик – суҳбат ва адаб йўлидир. Тасаввуф аҳлининг қалбига азият берадиган ҳар қандай ишдан тийилинг. Улар билан муомалада керакли даражада одоб сақлашни унутманг. Улардан адабни ўрганинг. Чунки адаби йўқнинг тариқати ҳам бўлмайди. Бу йўлнинг бошланиши суҳбат одоби ила чамбарчас боғлиқдир”.

Хожа Нақшбанд (Аллоҳ сирини азиз қилсин) вафотидан етти йил ўтиб, Хожа Алоуддин муридлари билан у кишининг қабрини зиёрат қилишга боради ва қабр зиёрати ҳақида бундай дейди: “Олим ёки авлиёнинг қабрини зиёрат қилишдан мақсад Аллоҳга яқин бўлишдир. Яъни, улуғлар руҳи шарифини шод этиш орқали Яратганнинг ризолигини топиш. Кўринишдан халққа қилинган камтарлик ҳақиқатда Ҳаққа камтарлик қилишни англатмоғи керак. Инсонларга камтар бўлишдан мақсад ҳам Аллоҳнинг розилигини исташдир. Солиҳ зотларнинг қабрини зиёрат қилиш фойдалидир”.

Вафоти: Аллома ҳижрий 802 (мил.1400) йили ражаб ойининг йигирманчи куни вафот этди. Қабри ҳозирги Денов шаҳрида.

Вафот этган кечаси яқинларидан бирининг тушига кириб бундай дегани айтилади: “Аллоҳ таолонинг бизга берган неъмат ва эҳсонларини ёзиб ҳам, сўзлаб ҳам ифодалаб бўлмайди. Шундай экан, менга инъом этилган даражалар ихлосмандларим тахмин қилганларидан ҳам юксак ва улуғроқдир”.

Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,

Қамаши тумани “Чим” жоме масжиди имом-хатиби