• Рукни: Тарих

Ривоятларга кўра, Иброҳим (алайҳиссалом) пайғамбар бўлганларидан сўнг ўз қавмини Аллоҳ таолога ибодат қилишга чақирадилар. Қавми эса у зотнинг сўзларига қулоқ солишмайди. Ҳатто оталари Озарнинг ғазаби келиб: “Мени тинч қўй, бу ҳақда бошқа гапирма”, дейди. Иброҳим (алайҳиссалом) хафа бўладилар ва хотини Ҳожар онамизни ёш гўдаги Исмоил билан олиб Макка шаҳрига келадилар. Бошқа бир ривоятда, Иброҳимнинг (алайҳиссалом) икки хотинлари (кундошлар) Сора ва Ҳожар оналаримиз ораларида келишмовчилик бўлгач, у кишига Ҳожар онамизни Маккага олиб бориб қўйиш кўрсатмаси берилади. Шу сабаб Ҳожар онамизни Маккага олиб келади, дейилган.

Маккада хотини ва ўғлини қолдириб, ўзлари қайтмоқчи бўладилар. Шунда Ҳожар онамиз: “Эй, Исмоилнинг отаси! Бу жойда сув ҳам, бирор егулик ҳам бўлмаса, бизларни ташлаб қаерга кетмоқчисиз, ёки Аллоҳ таоло шунга буюрдими?” деганида, Иброҳим (алайҳиссалом): “Ҳа,” деб жавоб берадилар. Ҳожар онамиз эса: “Ундай бўлса кетаверинг, Аллоҳ бизни хор қилмайди”, дейди.

Маккада дарё ҳам, анҳор ҳам йўқ эди. Ёш Исмоил чанқайди. Меҳрибон она сув топилиб қолармикин, деган умидда “Сафо” ва “Марва” тоғлари орасида етти бор у ёқдан бу ёққа югуради. Сўнгра Аллоҳ таоло гўдак Исмоилнинг оёғи остидан бир булоқни пайдо қилади. Онаси келиб қараса, ўғлининг оёғи остидан сув чиқиб, жилға бўлиб оқа бошлабди. Шунда Ҳожар онамиз шошиб қолганидан сувга қараб: “Зам-зам”, яъни “Тўхта, тўхта”, дейди. Шу сабаб бу сувнинг номи “замзам” бўлиб қолган, дейилади. Кейинчалик бу жойларга бошқа қабилалар кўчиб кела бошлайди.

Исмоил (алайҳиссалом) ҳаётлик чоғларида замзам булоғини ўзлари тасарруф этган. У зот вафот этгач, ўғли Нобит, ундан кейин эса Журҳум қабиласи эгалик қилади. Вақт ўтиши билан Журҳум қабиласи йўлдан адашиб золим қавмга айланади. Каъба учун ҳадя қилинган молларга ўзлари эгалик қила бошлайди. Бундан нафратланган Кинона ва Хузоъа қавмлари уларга қарши бош кўтаради. Мағлуб бўлган журҳумликлар Маккадан кетаётиб, биздан сўнг ҳеч ким тополмасин, деган мақсадда Ҳажарул Асвад, Мақоми Иброҳим ва замзам булоғини кўмиб ташлайди.

Улардан кейин Байтуллоҳга маълум муддат бошчилик қилган Хузоа қабиласининг сўнгги вакили Хулайл ибн Каъб ибн Амр Хузоъий эди. Кейинчалик Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бешинчи боболари Қусай ибн Килоб Хулайлнинг қизи Ҳуббога уйланади ва ундан тўрт фарзанд туғилади. Давлатманд ва обрўли Қусай қайнотасининг вафотидан кейин Байтуллоҳга бошлиқ бўлади.

Ушбу масъулиятли ва шарафли ишни Хулайлдан кейин унинг авлодлари Абдуманоф, Ҳошим, Абдулмутталиб давом эттиради. Улар Каъба зиёратига келганларга мислсиз хизматлар кўрсатган. Ҳар йили маҳаллий аҳолидан маълум миқдорда маблағ йиғиб олар ва зиёратга келадиган ҳожиларни сув ва озиқ-овқат билан таъминлар эдилар. “Улар ҳожиларга қандай сув беришган, замзамми?” деган савол туғилиши табиий. Йўқ, чунки Журҳум қабиласи замзам қудуғини кўмиб ташлагандан то Абдулмутталиб уни топиб, қайта сув чиқаргунича ҳожиларга Макканинг маҳаллий суви берилган.

Аллоҳ таоло бу мўъжизавий қудуқни қайта очишни Абдулмутталибга насиб этди. У зотнинг қавми орасида тутган ўрни ва қилган ишлари алоҳида таҳсинга лойиқдир. Ўзининг ҳусни-хулқи билан Қурайш қабиласи ичида эътибор қозонган эди. Кунларнинг бирида у Каъбаи муаззаманинг соясида ухлаб ётган эди. Тушида биров келиб, замзамнинг кўмилган жойини кўрсатади ва уни ковлашга буюради. У бу тушни тўрт бор такрор кўрганидан кейин, Раҳмоний туш эканига шубҳа қилмай, ўша жойни ковлаб, IV аср давомида ном-нишонсиз йўқолган зам-зам қудуғини топишдек бахтга сазовор бўлди. Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Замзам суви нима ниятда ичилса, худди шундай бўлади”, деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга Байтуллоҳни зиёрат қилиб, муборак замзам сувидан тўйиб ичиб, унинг файзу баракотидан баҳраманд бўлишни насиб этсин.

 

“Қасасун набиййин”, “Ас-сийра ан-Набавийя” китоблари асосида Тошкент Ислом институти талабаси Баҳодир АЪЗАМОВ тайёрлади.